Ўш — Сари-Таш — Эркечтам автомобил йўлида 4-декабрга ўтар кечаси кўмир ташиб бораётган юк ташувчи автомобил билан енгил автомобил тўқнашиб тўрт киши вафот этди. Яна икки киши жароҳат олиб касалхонага тушди.
Ўш вилоят ЙХҲТБсидан билдиришича, авария таҳминан кечки соат 01:00да Қорасув туманининг Бошбулоқ қишлоғида юз берган. Унда 31 ёшдаги кишининг бошқарувидаги юк ташиган «Мерцедес-Бенц» автомобили билан 54 ёшдаги фуқаро бошқараётган «Хонда-СРВ» енгил машинаси тўқнашган.
Авария оқибатида енгил автомобилнинг ҳайдовчиси ва уч йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир йўловчиси ва юк ташувчи машинанинг ҳайдовчиси эса жароҳатланиб, Ўш вилоят касалхонасига етказилган.
Ҳозирда воқеа ҚЖУРга қайд этилиб, тегишли экспертизалар тайинланди.
Аввалроқ, 16-ноябрда, Қорасув туманида «Мерседес-Бенц Спринтер», «Дэу Нексия» ва оғир юк ташувчи «КамАЗ» русумидаги уч автомобил аварияга учраган. Мазкур авария оқибатида етти киши вафот этган.
Авариядан жами ўн киши вафот этган — уларнинг орасида 7 ёшли бола ва 15 ёшдаги ўсмир қиз бор.
Ўш вилоятида 2021-йилнинг 10 ойида вилоятда 660 йўл ҳалокати қайд этилган. Унинг оқибатида 102 киши вафот этиб, 1 157 киши турли жароҳатларни олган.
Жами бўлиб Қирғизистонда 2021-йилнинг бошидан октябрь ойига қадар қайд этилган авариялардан 587 киши вафот этган. 5 437 йўл ҳалокати қайд этилиб, 8 298 киши жароҳат олган. Ўтган йилга нисбатан авариялар 29,2%га ўсган. Ундан жароҳат олганларнинг сони эса 31%га, вафот этганлар 15,3%га кўпайган.