«135 минг долларни олиб, қайтармаган». МХДҚ Октябрь туман ИИБнинг ходимини қидирувга берди

335

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати 6-декабрда Октябрь туман ички ишлар бошқармасининг ходимига қидирув эълон қилинганини билдирди. У ўта йирик миқдордаги фирибгарликда гумон қилинмоқда.  

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, О.А. исмли фуқаро  Бишкекнинг Октябрь туман ИИБнинг  ходими устидан ариза билан мурожаат қилган. Аризачи С.Р. исмли ходим ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, унинг 135 минг АҚШ долларини алдаб олиб, ҳар қандай баҳона билан қайтариб беришдан бош тортаётганини айтган.

Қидирувга берилган Октябрь туман ИИБнинг ходими. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

Гумонланувчига нисбатан «хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, у қидирувга берилган.

Биринчи май туман суди эса гумонланувчининг эҳтиёт чорасини сиртдан кўриб, қамоққа олиш қарорини чиқарди. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

МХДҚ мазкур ходимдан жабрланганлар бўлса идоранинг бошқармаларига мурожаат қилишни илтимос қилишди.

МХДҚнинг ҳудудий бошқармасининг ишонч телефон рақамлари:

  • Чуй вилояти: (0312) 54-07 19:
  • Жалолобод вилояти: (03722) 5-60-49;
  • Ўш вилояти: (03222) 2-30-78;
  • Иссиқкўл вилояти: (03922) 5-11-80;
  • Талас вилояти: (03422) 5-20-43;
  • Норин вилояти: (03522) 5-08-49;
  • Боткен вилояти: (03622) 5-00-33.

Аввалроқ, 17 ноябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бишкек шаҳридаги Октябрь тумани бўйича прокурорнинг ўринбосарини пора талаб қилиш гумони билан қўлга олган эди.

Маълумотга кўра, гумондор ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларини «жиноий жавобгарликка тортаман» деб қўрқитиб, 5000 АҚШ долларини талаб қилган.

Бунга қадар, 22-октабрда Ҳарбий прокуратура «йирик миқдорда пора талаб қилиш» иши доирасида  Бишкекнинг Октябрь тумани ички ишлар бошқармасининг тўрт нафар ходимини  қўлга олган эди.

Бош прокуратура қўлга олинганлар «қийноққа солиш», «товламачилик» ва «хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш»да гумон қилинаётганини таъкидлаган. Тергов версиясига кўра, милиционерлар олти фарзанднинг онаси Асил Талиповани ҳибсга олиш баҳонаси билан катта миқдорда пул талаб қилишган.

*Асил Талипова октябь ойининг бошида товламачилик шубҳаси билан сўроққа чақирилиб, шундан кейин қўлга олинган. Адвокати Қанат Хасанов Бишкек шаҳар ИИББ биносининг ёнига ёлғиз митингга чиқиб, аёлни бўшатишни талаб қилган. Эртасига Асил Талипова уй қамоғига чиқарилган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов