Садир Жапаров 2020-йили бош вазир хизматида деярлик 250 минг сом даромад топган

1714

Давлат солиқ хизмати давлат ходимларининг 2019 ва 2020-йилдаги даромадлари ва мулки ҳақидаги декларацияларини эълон қила бошлади.

Садир Жапаровнинг декларациясига кўра, 2020-йилнинг уч ойида у 247 минг 953 сом даромад топган. Декларацияда унинг чиқимлари кўрсатилмаган. Жапаров 2020-йилнинг 10-октябрида бош вазир в.б. бўлиб тайинланган. Бунга қадар у қамоқда эди, аммо 6-октябрга ўтар кечаси норозилик акциялари ортидан ва тарафдорларининг ёрдами билан озодликка чиқарилган.

14-октябрда у бош вазир бўлиб келган. Эртасига Сооронбай Жээнбеков ўз истаги билан хизматдан кетгандан кейин давлат раҳбарининг вазифасини бажара бошлаган. Лекин президентлик сайловига қатнашиши учун 14-ноябрда президентнинг в.б.хизматини топшириб, бош вазирлик ваколатларини тўхтатиб туришга мажбур бўлган.

21-январда эса, президентлик сайловида ғалаба қозонгандан кейин бош вазирлик ваколатларини топширган.

Бироқ бош вазир, вазирлар кабинетининг аъзолари ва давлат президенти айнан қанча маош олиши номаълум. Бу «хизмат доирасида фойдаланиш учун маълумот» бўлиб ҳисобланади.

Шунингдек, Жапаровнинг декларациясида қишлоқ хўжалиги мақсадидаги 6 гектар ери бор экани ҳам кўрсатилган.

Унинг яқин қариндошларининг майдони 50,7 ва 389 квадрат метр икки уйи, шунингдек,  17,2 квадрат метр гаражи бор. Майдони 389 квадрат метрдан иборат уйлардан бирини Садир Жапаров жорий йилнинг сентябрида Давлат ипотека компаниясига ўтказиб берган. Ҳозир у аукционга қўйилган. Давлат ипотека компанияси уй сотилгандан кейин тушган маблағ «харид имконияти билан ижарага олиш» механизми орқали «Менинг уйим 2021-2026» лойиҳасининг иштирокчиларига тайёр уй сотиб олиш мақсадида сарфланишини айтишган.

Садир Жапаровнинг аукционга қўйилган уйи.Сурат: Президент администрацияси

Президентнинг оиласи ҳисобига «Умид булоғи»  жамоатчилик жамғармаси ҳам қайд қилинган, унинг директори турмуш ўртоғи Айгүл Жапарова бўлиб ҳисобланади.