Новиков 2020-йили вице-премьерлик хизматида деярлик 1 млн сом даромад топган

289

Давлат солиқ хизмати давлат ходимларининг 2019 ва 2020-йилга нисбатан даромадлари ва кўчмас мулклари ҳақидаги декларациясини эълон қила бошлади.

Декларацияга кўра, Артём Новиков ўтган йили 952 минг 111 сом даромад топган. Аммо чиқимлари кўрсатилмаган. Новиков 2020-йилнинг 14-октябрида давлатнинг биринчи вице-премьер-министри бўлиб тайинланган.

Кейинчалик ноябрда Садир Жапаров премьер-министрлик ваколатларини тўхтатгандан кейин Артём Новиков премьер-министрнинг вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланган.

Декларацияга кўра, Новиков 600 минг сомлик уй жиҳозлари билан уй техникаларига эгалик қилади. Бундан ташқари, 95 минг сомлик компьютер техникаси ҳамда 1,7 млн сомдан ортиқ сақланган пули бор. Новиковнинг 80 минг сомлик бошқа ҳам кўчмас мулки бор.

Унинг яқин қариндошининг номига қиймати 326 минг сомни ташкил қилган «Тойота Приус» русумидаги автомобил қайд этилган. Ҳозирда Артём Новиков Россия-Қирғиз тараққиёт фондининг етакчиси. Бу хизматга жорий йилнинг май ойида тайинланган.