Аравон: 12 ёшли қариндошини шафқатсизларча ўлдирган ўсмир 12 йилга ҳукм қилинди

365

Ўш вилоятининг Аравон туман суди «йирик миқдордаги ўғирликни яшириш мақсадида» 12 ёшдаги қариндошини ўлдирган 16 ёшли ўсмирни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда вилоят судининг матбуот хизмати «Турмуш» нашрига билдирди.

Маълумотга кўра, суд ўсмирни «йирик миқдордаги ўғирлик», «Ўта шафқатсизча одам ўлдириш» моддалари билан айбдор деб топди.

Шунингдек суд айбланувчини марҳумнинг яқинларига маънавий-моддий зиён ўрнини тўлдириб беришга ҳукм қилиб, 900 минг сом жаримага тортди.

Воқеа бўйича

Жиноят жорий йилнинг 25-июнида бўлган. Унда Аравоннинг 50 ёшдаги турғуни жиянининг жасадини ҳудудий касалхонага олиб келган. Экспертнинг иштироки билан кўрик ўтказилган вақтда ўсмир ўлдирилгани аниқланган.

Ўша куннинг ўзида марҳумнинг уйидан 900 минг сом пул йўқолгани маълум бўлган. 27-июнда эса пулни ўғирлашда ва ўсмирни ўлдиришда гумонланиб марҳумнинг 16 ёшдаги қариндоши қўлга олинган.

Ўшанда гумондор туман ижтимоий ривожлантириш бошқармасининг ходимини, адвокатини ва бобосининг иштирокида сўроққа олинганда «жиноятни тўлиқ тан олган».

У «пулни ўғирлаётганда 12 ёшдаги қариндоши кўриб қолгани сабаб жиноятини яшириш мақсадида уни бўғиб қўйганини» айтган. Марҳумга тегишли бўлган ҳовлидаги дарахтларнинг орасидан эса 783 минг 500 сом пул топилган.

Мазкур факт бўйича «Қотиллик» моддаси билан иш очилиб, гумондор Аравон туман ИИБнинг вақтинча ушлаб турилувчи жойига киргизилган эди. Вилоят ИИБдан агар гумондор пулни ўғирлагани аниқланса, мазкур факт бўйича ҳам модда қўшилишини айтишган.