Президент Садир Жапаров «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаевга бўлган ҳужум ҳақида фикрини айтди. Аryba.kg нашрига берган интервьюсида, бунга ҳукуматнинг алоқаси йўқ деб билдирди. Президентнинг матбуот хизмати «Клооп»га Жапаров мазкур нашрга чиндан ҳам интервью берганини тасдиқлади.
Жапаров МСКдаги можаро битмай туриб, унга «яна бир муаммонинг нима кераги бор эди» деб таъкидлади.
«Бундан ташқари, бутун дунё жамоатчилиги шу вақтда бизнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатимизни кузатиб турибди. Кейин шундай иш қилиб, ёввойилик қилиш учун ақлсиз бўлишинг керак. Худо сақласин, ҳар бир ишни етти ўлчаб, бир кесувчи одамларданмиз», — деди у.
Унинг айтишича, Текебаевга ҳужум қилганлар — «оддий йигитлар».
«Кўп ўтмай [Текебаевни] муштлаган бола қўлга олинди. У қамоққа олинди. Текебаевнинг телефони қайтарилди. [Қўлга олинганлар] терговда Текебаевга шунчаки жини келиб “сен жонга тегдинг” деб митингдан қувишга келишганини айтиб кўрсатма беришмоқда. Биз аввал [воқеа юз берган замон] Текебаев ўзи атайлаб уюштирмадими? Деб ўйлаганмиз… Текебаев эса, бу “ҳукуматнинг буюртмаси” деб чиқди. Аммо икки томоннинг ҳам алоқаси йўқ. Фақат нафрат сабаб [Текебаевни] “митингдан қувамиз” деб келган аҳмоқлар бўлиб чиқди»,— деб билдирди президент.
Ўмурбек Текебаевга ҳужум ва Урмат Самаев
«Ата Мекен» партиясининг лидери, номзод Ўмурбек Текебаевга 1-декабрда Бишкекдаги «Парк отель» меҳмонхонасининг олдида ҳужум қилишган. Сиёсатчининг айтишича, унга ҳужум қилган кишилар уни кичик автобусга солиб олиб кетишга ҳаракат қилган.
Текебаев ўзи воқеани «сиёсий террор» деб атаган ва номаълум одамлар «сайловнинг натижасига рози бўлмаганларни қўрқитгани чиққан» деган фикрда.
Ижтимоий тармоқларда эса Текебаевга ҳужум вақтида олинган видео эълон қилинган. Унда меҳмонхонанинг олдида ўнлаб юз ниқоби кийган одам сиёсатчини ўртага олиб, турткилаётганини кўриш мумкин. Айримлари уларга «тегманглар, урманглар» деб айтганини эшитиш мумкин.
Воқеадан кейин Текебаевнинг тарафдорлари МХДҚ биносининг олдига тўпланиб, «Ата Мекен»нинг лидерига ҳужум қилган одамларни топишни талаб қилишган.
Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев эса Текебаевга қилинган ҳужум бўйича маълумот давлат раҳбари Садир Жапаровга етганини билдирган. Унинг айтишича, Жапаров ИИВга воқеани «пухта текширишни» топширган.
Ўмурбек Текебаевга ҳужум бўйича МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев ҳам изоҳ бериб, сиёсатчига ҳеч ким ҳужум қилмаганини, у кимлар биландир уришиб кетган деб билдирган.
Бишкекнинг Биринчи май туман ИИБси «Талончилик» моддаси билан судгача тергов бошлаб, гумондорлардан бирини қўлга олган. Милициянинг маълумотига кўра, гумондор Текебаевга тегишли телефонни ўз ихтиёри билан қайтариб берган.
1-декабрда ижтимоий тармоқларда Тўқмоқ шаҳрининг 100 нафарга яқин турғунининг видео мурожаати тарқаган. Унда учинчи кучлар ва енгилган партиялар митинг уюштириб, халқни чарчатиб юборгани айтилган.
«ПолитКлиника» нашри эса «Ата Мекен»нинг лидери Ўмурбек Текебаевга ҳужум қилганларнинг орасида видеодаги одамлар ҳам борлигини аниқлади. Шунингдек журналистлар ҳужум қилганлар билан Токмоқ шаҳрининг мэри Урмат Самаевнинг алоқасини аниқлаган.
Токмок шаҳрининг мэри Урмат Самаев эса Kaktus.media нашрига қўлга олинган Ибиш Эшбаевни танишини тасдиқлаган. Аммо Эшбаев «унинг ҳайдовчиси ва “окул боласи”» деб тарқаган маълумотни ёлғон деб атаган. Айни вақтда гумондорни Чуй ва Токмок аҳолисининг 70-80%и билади деб айтган.