Алмаз Мамбетов: Сайловга аралашган етти давлат ходими ишдан олинди

228
Сурат: «Клооп»

Ўш шаҳрининг мэри Алмаз Мамбетов шаҳардаги №5278 сайлов участкасида овоз бериб чиқди. Шаҳарда 154 мингдан ортиқ сайловчи қайд этилган.

Мамбетов овоз бериб чиққандан кейин журналистларнинг саволларига жавоб берди. Унинг айтишича, бу сафар сайловда «маъмурий ресурс» қўлланилмаган, сайловга аралашган етти давлат ходими ишдан олиниб, икки нафари хизматдан четлатилганини билдирди. Шунингдек Мамбетов бир неча етакчи ҳайсан олганини қўшимча қилди — ҳайфсан олганларнинг орасида мэрнинг ўзи ҳам бор.

«Маъмурий ресурс қўллана бошлангандаёқ, раҳбарлар ротация йўли билан алмашилди [...] Президент бош бўлиб айтмоқда “сайловга аралашманглар, маъмурий ресурсни қўшманглар” деб. Тўғри, мен ҳам ҳайфсан олдим», — деди Мамбетов.

*Ўш шаҳрининг мэри Алмаз Мамбетовга ва маориф вазири Болотбек Купешевга ЎшДУ ва ЎшТУнинг талабалари «Азаттык» партиясининг ташвиқот тадбирига қатнашгани учун ҳайфсан олишган.

Шунга қарамай «Клооп»нинг мухбири «Иссиқлик таъминоти», «Ўш-Тозалик» ва «Ўш шаҳар сув канали» муниципал ишхоналарнинг етакчилари бунга қадар шаҳар кенгашига «Ата-Журт Қирғизистон» партиясидан депутат бўлиб сайланганини ёдга солди. Аммо улар Алмаз Мамбетовни мэр қилиб сайлангандан кейин мандатларини топшириб, қайта аввалги хизматларига тайинланишган.

Мамбетов эса «Ўш-Тозалик»нинг етакчиси Нурбек Исмаилов ва «Ўш шаҳар сув канали»ни бошқарган Дўўлўтбек Кўкўчўров «чет давлатда бўлгани сабаб» сайловга аралаша олгани йўқ деб билдирди.  «Иссиқлик таъминоти» ишхонасининг етакчиси Бекмурза Эргешов унинг ходими «Азаттык» партияси учун «овоз сотиб олиш»га гумонлангани учун ҳайфсан олган.

Бундан ташқари Мамбетов овоз сотиб олишлар «айрим номзодлар тарафидан қилинди» деб қўшимча қилиб, сайловдан кейин қонунбузганларга «чора кўрилади» деб ишонтирди.

«“Бугун сайлов тугади” деб, шу билан бунинг бари тўхтаб қолмайди. Кеча, аввалги кунлари овоз сотиб олиш, маъмурий ресурс қўлланишда гумонланганлар қўлга олинган. Сайлов тугаса ҳам, сайловнинг эртаси бор, яна текширилади, унутилиб қолмайди. Албатта, бундан кейин маълуомтлар келса буларга чора кўрилади — ҳайфсан берилади, ишдан олинадиганлар олинади», — деди у.

Алмаз Мамбетов Ўш шаҳрининг мэри бўлиб жорий йилнинг 26-августида сайланган. У хизматига киришаётиб «сайловни адолатли ўтказиш учун» келганини билдирган. Шунингдек Мамбетов бу хизматни унга президент Садир Жапаров ўзи тавсия қилганини айтган.

Аввалроқ эса мэр Таалайбек Сарибашов 12-августда хизматдан кетиб, дастлаб Бишкек шаҳри мэрининг в.б. бўлиб тайинланган. Кўп ўтмай у хизматини топшириб, парламент сайловига қатнашишини билдирган. Сарибашов сайловга «Ата-Журт Қирғизистон» партияси билан қатнашмоқда.

Қирғизистонда 28-ноябрда Жогорку Кенешга сайлов ўтмоқда. Бу сафар сайлов аралаш тизими билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати, 36 депутат бир мандатли округдан сайланади. Партиянинг номзодлари «очиқ рўйхат» билан сайланади. Янги Конституция бўйича депутатларнинг сони 90га қадар камайди.

Қирғизистон бўйича 3 млн 703 минг 420 сайловчи рўйхатдан ўтди — улар партияга овоз берувчи сайловчилар. Бир мандатли округлардан эса сайловчиларнинг сони 3 млн 621 минг 751ни ташкил қилди.