МСК Камчибек Жолдошбаевни «овоз сотиб олиш учун» сайловдан четлатди

356

Марказий сайлов комиссияси №26 Ленин сайлов округидан номзод Қамчибек Жўлдошбоевни парламент сайловидан четлатиш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилди. Бу ҳақда комиссия йиғилиши якунланганидан сўнг маълум бўлди.

Йиғилишда МХДҚ вакили 16 ноябрь куни ушбу номзоднинг яқин қариндоши ҳибсга олингани ҳақида маълумот берди. Тергов маълумотларига кўра, Жолдошбаевнинг қудаси (номзоднинг куёвининг отаси)  уй етакчилари (домком) ва округдаги ташвиқотчилар орқали овозларни  сотиб олиш билан шуғулланган.

Видео: Қирғизистон МСКнинг Ютуб канали

Махсус хизматнинг маълумотига кўра,  3-ноябрда МХДҚга Ленин туманида овозларни сотиб олиш бўйича маълумот тушган. Махсус хизмат ўша вақтдан бошлаб Жолдошбаевнинг ташвиқотчилари ортидан кузатув, аудио ва видеоёзув олиб бора бошлаган.

16-ноябрда эса МХДҚнинг ходимлари Жолдошбаевнинг тарғиботчиларини тинтиб, сайловчиларнинг рўйхати, муниципал ҳудудий бошқармаликлар ҳақида маълумотлар ва пул маблағларини топишган. Унинг эртасига, 17-ноябрда, Сидиков қўлга тушган. Куч идоралари унинг ёнидан «овозларни сотиб олиш учун» 39 минг сом ва сайловчиларнинг рўйхатини топган.

Камчибек Жолдошбаев «соғлиғи сабабли» МСКнинг йиғинига қатнаша олмади. Депутатнинг ўрнига келган вакил Урмат Орозкулов гумонланувчи Сидиков номзод Жолдошбаевнинг ташвиқотчиси қатори рўйхатга олинмаганини билдирди.

Шунингдек у Сидиков бу ишларни «ўз ташаббуси билан қилган бўлиши мумкин» деб тахмин қилмоқда. Бундан ташқари, Орозкулов мазкур воқеа бўйича иш судга ҳали ўтмаганини таъкидлади.

Жолдошбаев биринчи марта Жогорку Кенешнинг учинчи чақирилишида депутат бўлган. 2015-йили сайловга «Онугуу-Прогресс» партияси билан қатнашиб қайтадан депутат бўлиб сайланган.

Депутат Жолдошбаев ишга маршруткадан тушиб, пиёда юриб келган ҳамкасбларидан уялишини айтиши орқасидан кўпчиликка танилган.

Парламент сайловлари

Жогорку Кенеш депутатлари сайлови 2021 йил 28 ноябрга белгиланган. Янги конституцияга кўра, парламентнинг янги чақируви 90 депутатдан иборат бўлади. Депутатлар беш йил муддатга сайланади.

Парламент сайловлари аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади. 54 нафар депутат партия рўйхати бўйича, 36 нафар халқ депутати эса бир мандатли сайлов округларидан номзод қилиб сайланади.

Парламент сайловида 21 партия иштирок этмоқда, бир мандатли сайлов округлари бўйича 300 га яқин номзод рўйхатга олинган.