Президент маъмуриятининг собиқ раиси Фарид Ниёзов президент Садир Жапаров ва унинг сафдоши, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси етакчиси Қамчибек Ташиевнинг сиёсатини танқид қилди. Ниёзовнинг баёноти «Апрель» телеканали сайтида эълон қилинди.
Ниёзовга кўра, ўтган йили мамлакатда ҳокимият алмашганидан бери янги раҳбарият «бир нарса яратиш» қобилиятини кўрсата олмади.
«Охирги 16 йилда катта сиёсатда Садир Жапаров ва Камчибек Ташиев популизм, интрига ҳамда бошқа можароли ишлари билангина ёдда қолди. Ўтган йили ҳам шундай бўлди», — дейди Ниязов.
У ўтган йилдан бери ҳукуматнинг барча «ричаглари» биргина президент Садыр Жапаровнинг қўлига ўтиб кетган деб билдирди. Ниязовнинг айтишича, Жапаров давлатни «оғир вазиятда олдим» деб, собиқ президентлардан фарқи йўқлигини кўрсатган.
«Аммо бундай сиёсий қулайлик билан фаолиятнинг тўлиқ эркинлиги ва муҳолифатнинг йўқлиги, Акаевнинг, Бакиевнинг, Ўтунбаеванинг, Атамбаевнинг, ҳатто Жээнбековнинг ишининг бошланишида ҳам бўлмаган», — деб билдирди сиёсатчи.
Ниязовнинг мурожаатида Жапаровнинг 23-октябрдаги матбуот анжуманида ҳукуматнинг келажак стратегияси йўқлиги тасдиқлангани ҳам айтилади. Ниязов Жапаров билан Ташиевнинг сиёсий тандемида ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишга имтиёз берилмаган деган фикрни илгари суради.
«Улар ўз ваъдаларининг бирортасини бажармадилар. Биринчи йил бутунлай хусусий ҳокимият институтларини яратиш ва хаёлий рақиблар ҳисобини топишга сарфланди. Президент ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг саъй-ҳаракатларига кўра, бошқарувнинг иккинчи йилида молиявий оқимлари ва хусусий мулкни тақсимлашга асосий эътибор қаратилади. Қолганлари иккинчи планда», — деб ҳисоблайди президент маъмуриятининг собиқ етакчиси.
Ниязов коронавирус пандемияси сабаб яралган бир қатор иқтисодий ва ижтимоий масалаларга ҳам тўхтаб ўтди. У иқтисодни ўз ҳолига келтириш секин амалга ошаётганини, бу билан бирга озиқ-овқат нархлари ҳам осмон баробар бўлаётганини қўшимча қилди.
«Бизнес қочиб кетмоқда. Хусусий ва хорижий инвестициялар ҳажми ҳам ўтган йилги «коронавирус қоплаган 2020»га нисбатан ҳам қисқарди. Шу билан бирга, давлатнинг қарзи кўпайди. Расмийлар нима қилишмасин, улар қийинчиликларга дучор бўлишади», — деб айтилади сиёсатчининг баёнотида.
Ниязов Жапаровни танқид қилишдан ташқари муаммолар борасида самарали ишлашни ҳам тавсия қилди. Сиёсатчининг фикрича, ҳозирда президент «эйфория бўлиб, хато қилмоқда», аммо «бошқарувчиларнинг деградацияси» давлат учун хавфли бўлиб бормоқда.
«Садир Жапаров ўзидан аввалги президентларни ёмонлаш ва ваъдаларни бериш билан давлатни ривожлантира олмаслигини тушуниши керак. Ҳеч ким ундан президент бўл деб илтимос қилмаган. Кўпроқ ваколат беринглар илтимос қилган ҳам ўзи. Бир йилдан бери давлатда бўлаётганларнинг бари учун жавобгарлик унинг бўйнида. Шунинг учун ишлаш керак», — деб билдирди Ниязов.
Фарид Ниязов — собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг яқин сафдошларидан бири. Атамбаев ҳукумат бошида турганда норасмий турда президентнинг «ўнг қўли» деб аталиб юрган.
Аппарат етакчилигидан кетгандан кейин президентнинг жамоатчи маслаҳатчиси бўлиб тайинланган. Атамбаев президентликдан кетаётиб Ниязовни «яхши вазир» деб атаб, «Манас» ордени билан мукофотлаган.
2019-йили Атамбаевнинг Қўй-Тошдаги уйи штурмга олинганда Ниязов собиқ президентнинг ёнида бўлган. Ўшанда Атамбаев қамоққа олинган эди.
У собиқ президент Атамбаевнинг Қўй-Тошдаги резиденциясидаги штурмга олиш иши ортидан Бишкекнинг ТИЗО-1ига қамоққа олинган.