Ақилбек Жапаров давлат иқтисодини кўтаришни ваъда қилди

374

Минкабнинг етакчиси Ақилбек Жапаров 10-ноябрда «Коммерсантъ» нашрига интервью бериб, ҳукумат бюджетни қандай йўл билан тўлдириши ва умумий давлат иқтисоди ҳақида айтиб берди.

У Қирғизистон иқтисодий жиҳатдан сармоядорлар учун жозибали деб таъкидлади.

Қўлдан келади

Ақилбек Жапаров минкабнинг етакчиси қатори парламентда қасамёд қилмоқда. Сурат: президентнинг матбуот хизмати

Унинг айтишича, бюджет солиқ ва божхона хизматларининг ҳисобидан кўпайтирилади. Бундан ташқари, иқтисодни соядан чиқариб, рақамлаштириш ҳамда фискаллаштиришни кўзлайди.  «Бу қўлдан келадиган иш. Уни қандай қилиш мумкинлигини биламиз, рецепти бор, бу касални даволашнинг йўл-йўриғи ҳам маълум, сиёсий эрк етишмаётганди холос», — деди у.

«Коммерсант»нинг журналисти Жапаровнинг бу йили бюджетни 280 млрд сомгача ва кейинги йили 400 млрд сомга етказишни ваъда қилганини эслатди.

«Буни биз бир сафар амалга оширганмиз — биринчи инқилобдан кейин [Қирғизистон президенти Асқар Ақаев ҳокимиятдан қулатилганда], 2005-2008-йиллари мен иқтисод ва молия вазири, шунингдек бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаганман. Менга ишонч берилган уч йилда ЯИМни икки баробарга, бюджетни уч баробарга кўпайтира олдик. Бу ерда гап умумий иқтисод ҳақида бўлгани йўқ, аниқроқ айтганда, унинг очиқ қисми ҳақида бўлмоқда», — деб жавоб берди у.

Инвестиция муҳити ҳақида

Минкаб етакчисининг фикрича, сиёсий беқарорлик давлатнинг инвестиция муҳитига ижобий таъсир кўрсатмаяпти. Шу сабабдан, Жапаровнинг айтишича, ҳукумат «сиёсий майдонни барқарорлаштиради».

2020-йилнинг 5-октябрида парламент сайловининг натижасига норози бўлган қирғизистонликлар митингга чиқишган. Сурат: «Клооп»

«Иқтисодимиз шароити қулай: солиқларимиз жуда кам, валюта қонунларимиз жуда либерал, ер, маблағ ва ҳиссалар бўйича ҳам ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бу ерга келган компаниялар, агар фойда кўришни давом эттирса, давлатимиз учун асосий реклама бўлишади», — деб ҳисоблайди у.

Қумтўр ҳақида

Жапаровнинг фикрича, «Қумтўр» бўйича вазият давлатнинг сармоя муҳитига таъсир қилмайди.

Centerra Gold Inc. «Қумтўр Голд Компани»  шўъбаси орқали Марказий Осиёдаги энг йирик баланд тоғли олтин кони Қумтўрни ишлатади. Қирғизистон Centerra Gold’ акциясининг 26%га эгалик қилади ва компаниянинг акцияларининг йирик акциядори бўлиб ҳисобланади.

Бироқ 2021-йилнинг майида қирғиз ҳукумати Канада ширкатини қонунни ва экологияни бузганликда айблаб, «Кумтор Голд Компани»га ташқи бошқарув киргизган.

Қумтўр олтин конининг шахталари. Сурат: Ислам Розиев / «Клооп»

«Қумтўр бўйича аввалдан айтиб қўяй, ҳеч ким кимнингдир мулкини босиб олгани йўқ. Биз Centerra’нинг йирик акционеримиз […]Ўзимизникини ўзимиз босиб олиш ақлсизлик, тушунасизлар-ку? Бу ерда менеджмент акционерларнинг манфаатларини ҳимоя қилишнинг ўрнига шахсий манфаатини ҳимоя қила бошлаган деб ҳисоблаймиз. [Маблағ] оқимлари адолатсиз тақсим қилинган — солиқ ҳам, дивиденд ҳам, кирими ҳам», — деб билдирди у.

Жапаров Канада ширкатини тежаш мақсадида Қирғизистоннинг экологиясини бузган деб яна айблади.

«Биз шундай воқеа бўлаётган дунёдаги ягона давлатмиз. Энди бунга рози бўла олмаймиз. Шу сабабдан сармоядорларга экологияни ва қонунларни сақлаган ҳолда фойда кўринглар, олиб кетинглар, даромад бўйича бизда ҳеч қандай чеклов йўқ деб кафолат берамиз, — деди у.

Centerra’нинг таъсири ёмон бўлган

Жапаровнинг айтишича, Centerra’нинг молиявий ресурсларига кириш имконияти «президентларга қанчадир даражада иқтисоднинг бошқа секторларига эътибор қаратмасликка имконият бериб турган».

Ақилбек Жапаров ва Садир Жапаров. Сурат: президентнинг матбуот хизмати.

«[…] асосийси — бу компаниядан қандайдир моддий фойда олиб туриш имконияти коррупцияга қарши курашмасликка, контрабанда билан солиқлар тўланмагани қандай, қанчалик беҳисоб зарар етказаётганини кўрмасликка олишга олиб келган. Амалдорларни айнан шу яширин сектор боқиб турган», — деди у.

Минкабнинг етакчиси ҳозирда президент Садир Жапаров сиёсий ирода кўрсатиб, «Centerra’нинг манфаатини ҳимоя қилувчи сиёсий гуруҳларнинг бирорта ҳам илтимосига кўнмаганини» айтди.