«Бутун Қирғизистон» МСКдан «Ата Журт Қирғизистон» ва «Бағит» партияларига нисбатан чора кўришни сўрамоқда. Нима бўлди?

350

«Бутун Қирғизистон»нинг вакили Артур Бакиров «Ата-Журт Қирғизистон» ва «Бағит» партияларининг устидан Марказий сайлов комиссиясига ариза ёзди. Шикоятчи мазкур партиялар сайловчилар билан учрашувда сиёсатчи Адахан Мадумаров ҳақида «ёлғон маълумот тарқатган» деб билдириб, партияларга ёзма шаклда огоҳлантириш беришни сўради.

«Ата-Журт Қирғизистон»нинг устидан ёзилган ариза

Партиянинг вакили аризада «Ата-Журт Қирғизистон» партиясининг номзоди Арсланбек Эгембердиев Жалолободдаги ташвиқот тадбирида «Бутун Қирғизистон»нинг лидери Адахан Мадумаровнинг «обрўсига доғ туширувчи маълумотларни тарқатганини» билдирган. Шунингдек Бакиров номзод Эгембердиев халқни «Бутун Қирғизистон»га «овоз бермасликка чақирган» деб норози бўлган.

5-ноябрда ижтимоий тармоқларда №16 Новкен сайлов округининг номзоди Бактибек Сидиковнинг сайловчилар билан учрашувдан видео тарқаган. Видеода «Ата-Журт Қирғизистон»нинг номзоди Эгембердиев «Мадумаровни сайлайман деб унинг ортидаги ўғриларни олиб келасизлар» деган.

«Ичинглардан “биз тозаисни танладик, биз яхшисини танладик, биз халқ учун куядиган инсонни танладик” деб ўйлайсизлар. Аммо унинг ортидаги чопонини ёпиниб келаётган ўғриларни киргизаётганингларни билмайсизлар. Мен илтимос қиламан, Мадумаровга қаршилигим йўқ, аммо шу сайловда бизни сайланглар», — деган Эгембердиев.

*Бактибек Сидиков 2007-2010-йиллари президент Қурманбек Бакиев ҳукумати даврида «Манас» аэропортини бошқарган. У 2015-йили «Республика – Ата Журт» фракциясининг рўйхати билан Жогорку Кенешнинг олтинчи чақирилишига депутат бўлиб келган. 2020-йили эса ҳукумат алмашгандан кейин Сидиков қайтадан «Манас»ни бошқарадиган бўлган, аммо кўп ўтмай у хизматдан олинган.

«Багит» партиясининг устидан ёзилган ариза

«Бутун Қирғизистон»нинг эса «Багит» партиясининг устидан шикоятига блогер Бекзат Ўмурбековнинг 3-ноябрда Бишкекда сайловчилар билан учрашуви сабаб бўлган.

Ўмурбеков «Багит» партиясининг номзодлари рўйхатида йўқ. У ташвиқот тадбирида «Мадумаров ерларни сотиб юборганини» билдирган.

«Мен ўзим Таласнинг турғуни қатори [айтайин]: Талас вилоятида Кўк-Сай қишлоғида ва Маймоқдаги ерларни қайинюрти қозоқларга бериб юборгани ёлғонми? Мен ўшаларни айтиб қўйганим учун, ўғриларга қарши чиққаним учун мени Садир Жапаровнинг ёлланма одами деб айтади. Ҳеч қачон ёлланма одам юракдан юракка етказиб гапирмайди», — деган Ўмурбеков.

Ўмурбеков иштимоий тармоқларда президент Садир Жапаровни қўллаб, сиёсатчи Адахан Мадумаровни эса танқид қилиб келади.

Бундан ташқари, Ўмурбековнинг саҳифасида ИИВ етакчисининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ва «Толубай» тижорий банкининг директорлар кенгашининг собиқ аъзоси Алмаз Сарибаевнинг ўртасидаги суҳбат эълон қилинган. «Курсан Асанов, Жанар Акаев ва бошқалар ҳукуматни босиб оламиз деб гаплашганидан қисқа парча» деб номланган аудио ёзув «Ҳукуматни куч билан босиб олишга тайёргарлик кўриш» моддаси билан жиноят иши қўзғалишига асос бўлган.

Мустақил экспертиза бу аудио ёзув монтажланганини аниқлаган, аммо ИИВ буни тан олмаган. Ҳозирда Асанов ва Сарибаев тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Қозоғистон билан алмаштирилган ерлар

2008-йили Жогорку Кенеш қирғиз-қозоқ чегарасини аниқловчи ҳужжатни ратификациялаган. Ўшанда Мадумаров парламентнинг спикери бўлган.

Ҳужжатга кўра, Иссиқкўлдаги Туп туманидаги Қарқира яйловининг 625 га Қозоғистонга, 1 136,5 га Қирғизистонга ўтказилган. Аммо айрим депутатлар қозоқ тарафга экин ерлари ва гранит кони ўтиб кетганидан норози бўлишган.

Шунингдек, Қозоғистонга Талас вилоятидаги Қарабура туманига қарашли Маймақ қишлоғининг 12 гектар ер участкаси ўтказилган. Унинг ўрнига қирғиз тарафга Чуй вилоятидаги Чолдовар қишлоғининг ҳудудига чегарадош 59 гектар ер берилган.

Таласдаги Кўксай қишлоғининг 2 600 га ери  2012-йили қозоқ томон билан алмаштирилган. Кўксойнинг турғунлари бундан норози бўлишган. Уларнинг айтишича, қишлоқнинг экин майдонлари Қозоғистоннинг 2600 га қайроқи ер участкасига алмаштирилган.