Ташвиқот ва талабалар. ЎшДУнинг ректори ишдан олиниб, Ўшнинг мэрига хайфсан эълон қилинди

352
Ўшнинг мэри Алмаз Мамбетов ва ЎшДУнинг собиқ ректори Кудайберди Кожобеков

Ўш давлат университетининг ректори Кудайберди Кожобеков ўқув юртининг талабалари «Азаттык» партиясининг ташвиқот тадбирига қатнашгани учун хизматдан олинди. Бу ҳақда Вазирлар кабинетининг етакчиси Акилбек Жапаров 9-ноябрда билдирди.

Кожобековдан ташқари ЎшДУнинг Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг декани Бактибек Муратбаев ҳамда уч ўқитувчиси ҳам ишдан олинди. Шунингдек, таълим вазири  Болот Купешев билан Ўш шаҳрининг мэри Алмаз Мамбетовга хайфсан эълон қилинди.

Ақилбек Жапаров эса бюджет идораларининг ходимларига ва етакчиларига мурожаат қилиб, уларнинг ташвиқот тадбирига қатнашишининг кераги йўқлигини билдирди.

«Ўз хизмат вазифаларингизни бажаринглар. Сизларнинг вазифаларингиз – сайловларни ўтказиш учун шароитларни таъминлаш. Фуқаролик позициясини сайлов куни овоз бериш орқали билдира оласизлар. Бугунги кунда сайлов жараёнига аралашманглар», — деди Жапаров.

Шунингдек, Вазирлар кабинетининг етакчиси сайлов қонунини бузган Лайлай туманининг ҳокими Алмазбек Рахманкулов лавозимидан бўшатилиб, Исфара шаҳрининг мэри Чингизбек Рисовга хайфсан эълон қилганини қўшимча қилди.

Вазирлар кабинетининг маълумотига кўра, ташвиқот ишлари бошлангандан бери Марказий сайлов комиссияси ҳамда ИИВ 59 қонун бузарлик фактларини қайд этган.

«Азаттык» партияси ва талабалар

3-ноябрда Ўш шаҳрининг марказий майдонида «Азаттык» партияси ташвиқот тадбирини ўтказиб, унга 100дан ортиқ киши қатнашган. Ўша куни ижтимоий тармоқларда тадбирга «Ўш давлат университетининг Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг талабалари қатнашмоқда» деган маълумот тарқаган.

Журналист Идирис Исаков эса ўша жойга бориб учрашувга келган ёшлар қайси университетнинг талабалари эканини сўраган. Уларнинг айримлари ЎшДУнинг, айримлари ЎшТУнинг талабалари эканини тасдиқлашган. Шунингдек талабалар уларни марказий майдонга ўқитувчилар ва декан олиб келганини билдиришган.

Ўша куни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов бошлаган. ЎшДУ эса икки ўқитувчисига хайфсан эълон қилиб, Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг деканига огоҳлантириш берган.

Ўш шаҳар ИИБи эса «Маъмурий ресурсни суиистеъмол қилиш» моддаси билан судгача текширув бошлаб, 15 талаба ва саккиз ўқитувчини тергов қилган.

«Азаттык»нинг номзоди, собиқ депутат Жилдизкан Жўлдошеванинг айтишича эса, Ўшдаги сайловолди ташвиқоти давомида ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган.

«18 ёшга тўлган, паспорти бор фуқароларимизнинг ҳар қандай партия йиғилишларида қатнашиши, дастурларини тинглаши уларнинг конституциявий ҳуқуқидир. Бу конституциявий ҳуқуқни чеклаб қўймаслик керак», — деди Жўлдошева.

Шунингдек, Жолдошева ташвиқот тадбирига талабаларни ўқитувчилар олиб келганини аниқлаган суриштирувчи журналист Идирис Исақокни «бировнинг буйруғини бажарди», «нотўғри маълумот тарқатди» деб билдирди.

Аммо Ўшнинг милицияси тадбирга қатнашган талабалар балоғатга етмаган бўлганини аниқлаган. Ҳозирда тергов ишлари тугаб, судга ўтказилди.