Санкт-Петербург метросида теракт содир этганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Аброр Азимов колонияга олиб кетилганидан буён ғойиб бўлган. Бу ҳақда The Insider нашрига Аброрнинг отаси Ахрал Азимов айтиб берган.
Унинг сўзларига кўра, бир ойдан ортиқ вақт давомида ўғлининг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч бир маълумоти йўқ.
«Сентябрь ойи ўртасида Аброр Азимов Санкт-Петербургдаги Крести тергов ҳибсхонасидан махсус режимли колонияга олиб кетилиши керак эди. Иш бўйича қолган судланувчилар, жумладан Аброрнинг укаси Акрам Азимов ҳам турли қамоқхоналарга олиб кетилган», — деб ёзади The Insider.
Журналистларнинг маълумотига кўра, Аброр охирги марта 14 сентябрь куни қариндошларига қўнғироқ қилган. Ўшанда у иш бўйича судланувчиларнинг барини бошқа жойга кўчиришганини, уни ҳам яқин орада колонияга кўчириши эҳтимоллини айтган.
29 сентябрь куни у билан ёзишмаларда бўлган филолог Елена Эфрос Москвадаги “Бутирка” тергов изоляторидан Азимовдан хат олди. Ўшандан бери маҳкум алоқага чиқмади, гарчи у хатида яна хат ёзишни ваъда қилган.
Азимовнинг қариндошлари ва ҳимояси прокуратурага текширув ўтказиш ва маҳкумнинг турган жойи ҳақида маълумот бериш талаби билан ариза юборишган.
Петербург метросидаги теракт
2017 йилнинг 3 апрелида Санкт-Петербург метросининг “Сенная плошчад” ва «Технологик институт» бекатлари ўртасидаги участкада портлаш содир бўлиб, унинг оқибатида қирғизистонлик Акбаржон Жалилов доҳил 16 киши ҳалок бўлган, 100 нафарга яқин киши жароҳат олган.
Терактга алоқадорликда гумон қилиниб, 11 нафар Марказий Осиё фуқароси, жумладан, ака-ука Азимовлар, Аброр ва Акрам ҳибсга олинган - уларни Россия расмийлари ҳужумни уюштирганликда айбладилар.
Ака-ука Азимовлар Жалолободда туғилиб, кейинчалик Россия фуқаролигини олган.
Аброр Азимов 2017 йилнинг 4 апрелида Москва вилоятида қўлга олинганини даъво қилган, бироқ Россия ФХХ унинг ҳибсга олингани ҳақида фақат 17 апрелда расман эълон қилган.
Унинг акаси Акрам расман 19 апрель куни ҳибсга олинган, бироқ унинг яқинлари 15 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Ўш касалхонасидан олиб чиқиб кетилгани ва Москвага олиб кетилгани ҳақида хабар берган эди.
19 апрель куни ФХХ Акрам Азимов Янги Москва қишлоқларидан бирида қўлга олингани акс этган видеони эълон қилган.
Азимовнинг яқинлари Акрамнинг қўлга олиниши Россия махсус хизмати тарафидан «тайёрланган саҳна кўриниши» деб билдиришган. Ака-укаларнинг иккиси ҳам бир неча бор ФХХнинг «яширин қамоғида» қийноқларга тутилганидан шикоят қилган.
Ўшанда “Human Rights Watch” халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Қирғизистонни Акрам Азимовнинг Ўшдан Россияга олиб кетилиш ҳолатларини текширишга даъват қилган.
2019 йил декабрь ойида суд ўн бир нафар шахсни жиноят содир этишда айбдор деб топиб, Аброр Азимовни умрбод қамоқ, унинг укаси Акрам ва Муҳаммадюсуф Эрматовларни 28 йилга қаттиқ тартибли колонияга, қолган айбланувчиларни эса 19 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
Барча айбланувчилар ўз айбларини қатъиян рад этишди. Улардан тўрт нафари, жумладан Аброр ва Акрам Азимовлар ФСБнинг Москва вилоятидаги «махфий қамоқхонаси»да айбига иқрор бўлиш учун қийноқлар қўлланганини даъво қилган.