The Бульба беларус телеграм-каналининг журналистлари 8-ноябрда Беларус миллий биотехнология корпорациясининг (БМБК) яна бир заводи очилишини хабар қилди. Корпорацияни Даниил Урицкий деб танилган Қирғизистоннинг қочқин бош вазири Данияр Усонов бошқаради. Тадбирга Беларус президенти Александр Лукашенко қатнашади.
Усонов-Урицкий 2010-йили апрель революциясидан кейин давлат раҳбари Курманбек Бакиев билан бирга Қирғизистондан қочиб кетган. Иккиси ҳам Белорусда жойлашган.
Урицкийнинг корпорациясида нималар шубҳали?
The Бульба мухолиф телеграм-канали «Кошт Урада» лойиҳасининг суриштирувига таяниб Урицкийнинг корпорацияси орқали давлат бюджетидан пул чиқариб кетилаётганини ёзди.
«Кошт Урада» 2019-йили БМБК’нинг молия тармоғини текшириб, киримлари ва чиқимлари мос келмаслигини аниқлаган.
«Расман бу Лукашенконинг фармони билан 2016-йили ташкил топган юқори технологияли агро саноат ишлаб чиқаришини уюштириш бўйича Беларус билан Хитойнинг қўшма, йирик кўламдаги лойиҳаси. Лойиҳанинг умумий қиймати 733 млн долларни ташкил қилади», — деб таъкидлаган журналистлар.
Бироқ The Бульбанинг маълумоти бўйича, Белорус биотехнология корпорацияси беш йил оралиғида тўлиқ қувватда ишга киришмаган, хатто заводларнинг кўп қисми ҳануз қурилмаган.
Бундан ташқари, корпорациянинг репутацияси ҳам шубҳали экани айтилган. «Кошт Урада»нинг суриштирувига кўра, белорус ҳукуматига акциянинг 25%и тегишли. Қолгани чет эллик, унинг ичида Шотландиянинг икки компаниясига тегишли —LP ва Altastar LP. Улар умумий 22,5% акцияга эгалик қилишади.
Шунингдек, Шотландиядаги офшорларнинг мулк эгаси қатори Қирғизистоннинг қочқин президенти Қурманбек Бакиевнинг укаси Асилбек Салиев кўрсатилган.
Эслатиб ўтсак, Бакиев ва унинг оиласи 2010-йилдаги революциядан кейин Белорусдан сиёсий бошпана олган. Ўшанда у билан бирга Белорусга Данияр Усонов ҳам қочган. Усонов кейин исм-фамилиясини алмаштириб, хусусий тадбиркор бўлиб кетган. Қирғизистон уларни экстрадациялишни сўраган, Александр Лукашенко бошқарган Белорус ҳукумати илтимосни жавобсиз қолдирган.
Шу билан бирга суриштирувда БМБК Белорус давлати тарафидан турли имтиёзларга эга бўлгани таъкидланган. Масалан хусусий компаниянинг кредитини Белоруснинг молия вазирлиги тўлаган.
Бундан ташқари, корпорацияда 30 нафаргина ходим қайд этилгани шубҳа яратган.
«Агарда қоровул, ҳайдовчи, фаррош ва бошқа ўрта билимли ходимларни ҳисобга олмаганда, унда ишхонада ёш болалар ва қариялар ишлайди.
Буларнинг баридан қуйидагича хулоса чиқарса бўлади: БМБК — Лукашенконинг ташаббуси билан тузилиб, давлат бюджетидан пул чиқаришни кўзлаган навбатдаги ишхона» , — деб билдиришди The Бульба.
Усонов-Урицкий дегани ким?
Усонов Курманбек Бакиевнинг бошқаруви вақтида 2009-2010-йиллари Қирғизистоннинг премьер-министрлик хизматида бўлган.
2010-йилдаги апрель революциясидан кейин Усонов қочиб кетган, кейинчалик эса у 80 киши ҳалок бўлган тўнтариш куни қаршиликка чиққанларни оммавий отиш иши учун Қирғизистонда сиртдан умрбод озодликдан маҳрум қилинган.
Бундан ташқари, Усонов Бишкек мэри бўлиб турган вақтда ваколатларини суиистеъмол қилгани бўйича айбланмоқда — бунинг учун у 15 йил қамоққа ҳукм қилиниб, мулкини мусодара қилиш ҳукми чиққан.
2018-йили БМБКнинг очилишида Даниил Урицкийнинг сурати эълон қилинган.
Ўшанда Қирғизистонда бу маълумот қизғин муҳокама қилинган, чунки Урицкий Усоновга жуда ўхшаш бўлган.
Урицкий-Усонов ўзи ҳақиқий Данияр Усонов 2013-йили Малайзияда вафот этганини naviny.by нашрига айтган. Урицкий-Усоновнинг мазкур сўзларини тасдиқлаш ҳозирча имконсиз.