Чуй: «Сосновка»да 18 ёшдаги қизни Таласга «олиб қочаётган» уч киши қўлга олинди

395

 Чуй вилоятидаги «Сосновка» транспорт назорат пунктида 2-ноябрда 18 ёшдаги қизни мажбуран никоҳга олиш мақсадида Талас вилоятига ўғирлаб бораётган уч киши қўлга олинди. Бу ҳақда 3-ноябрда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизматининг Чуй вилоят бошқармаси хабар қилди.

Маълумотга кўра, ҳуқуқ тартибот органларига «олиб қочиш» ҳақида маълумот таҳминан соат 21:30 да тушган. Унда Аламудун туманининг «Ала-Тоо» савхозида 18 ёшдаги қизни икки киши куч билан машинага солиб кетишгани айтилган.

Чуй вилоят бўйича «Ушлаб қолиш» тадбири эълон қилинган. Унинг асносида ЙҲХХБнинг Чуй вилоят бошқармасининг нозирлари «Сосновка» стационар постида «Лексус» маркасидаги машинани тўхататган.

«Машинанинг ичида уч эркак ва бир қиз ўтирган. Сўроқ вақтида қиз истагига қарши никоҳга олиш мақсадида ўғирланиб, Талас вилоятига бораётгани аниқланди», — деб айтилади баёнотда.

Гумондорлар Чуй вилоятининг Жайил туман ИИБнинг тергов хизматига ўтказиб берилган.

Бундан бир ой аввал айни «Сосновка» постида 20 ёшдаги қизни «Ак-Ордо-3» янги маҳалласидан ўғирлаб, Тўқтўғул шаҳрига олиб бораётган киши қўлга олинган.

ИИВнинг маълумотига кўра, 2021-йилнинг тўққиз ойида 187 «олиб қочиш» факти қайд этилиб, унинг 177си «жиноят таркиби йўқлиги» сабабли қисқартирилган. Қайд қилинган фактларнинг саккизигина судга ўтказилган.

Аммо «Шахсни никоҳга олиш мақсадида ўғирлаш» моддасида жиноятчиларга қаттиқ жазо кўзда тутилгани билан кўпинча улар шартли турда озодликдан ажратилади ёки буткул оқланади.

«Клооп» ва «Азаттык»нинг журналистлари «олиб қочиш» бўйича охирги беш йилдаги суд жараёнларини ўрганиб, ишлар деярлик судга етмай қисқартирилишини аниқлаган. Экспертлар бунга милиция билан прокуратуранинг ўз ишини қонун доирасида бажармагани сабаб деб айтган.