Фаол Бакай Кашкарбаев 29-октябрда қўлга олинди. Бу ҳақда Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, Кашкарбаев «Жиноят бўлганини билиб туриб ёлғон маълумот бериш», «Ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик» ва «Майда бебошлик» моддалари билан очилган судгача текширув асосида қўлга олинган.
Ҳозирда суд-лингвистика экспертизаси тайинланиб, фаол вақтинча сақлаш жойига киритилди.
Кашкарбаев ким?
Бакай Кашкарбаев ўзини Садир Жапаровнинг фаол тарафдори деб атаб келади. 2020-йилнинг октябрида Кашкарбаев кўз ёш тўкиб, Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ўзини ўзини маслаҳатчи қилиб тайинлашни сўраган видео тарқаган.
У Жапаровни қўллаган митингларга қатнашиб, уни танқид қилган материалларга ғазабли изоҳларни ёзиб юрган.
Ўтган йилнинг 15-17-ноябрида Кашкарбаев фейсбукдаги саҳифасига судьяларга ва прокуратура ходимларига нисбатан зўравонликка чақирган видео жойланган.
«2020-йилнинг 15-ноябрида Бакай Кашкарбаев номаълум одамлар гуруҳи билан Чолпон-Ота шаҳрида туриб Иссиқкўл вилоят прокуратурасининг бўлим раҳбарини, вилоят прокурорига таҳдид қилган видео мурожаат қилган. Фаол халқни қўзғолонга чақириб, «бузиш», «кўзини ўйиш», «тишини қоқиш» каби зўравонлик ҳаракатларига ундаган» , — деб Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан билдиришган.
16-ноябрда Кашкарбаев Иссиқкўл туман судининг биносига кириб, судьялар билан гап талашиб, Жумаев исмли судья билан учраштиришни талаб қилган видеосини жойлаган.
Фаолнинг «босқинчилиги» бу билан тўхтаган эмас. 17-ноябрда у тарафдорлари билан Қоракўл шаҳар судига кирган. Бу ердаги суд органи ходимларига таҳдид қилган.
«У ўз мурожаатида Иссиқкўл вилоят судининг судьясини ва вилоят прокуратурасининг бўлим раҳбарини очиқ қўрқитган», – деб билдиришган прокуратурадан.
Шу билан бирга Кашкарбаевга нисбатан «Ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик» моддаси билан судгача иш осилган. Бироқ Кашкарбаевга нисбатан қўзғалган иш уни давлат хизматига тайинлашга тўсқинлик қилмаган — шу йилнинг апрель ойида у қишлоқ хўжалиги вазири Аскарбек Жанибековнинг жамоат маслаҳатчиси бўлиб тайинланган.