Молия бозорини изга солиш ва назорат қилиш хизмати раҳбарлигига Улан Сарбанов тайинланди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати маълум қилди.
Сарбанов 1993-2006-йиллари миллий банк раиси бўлган. Фаолияти давомида бир қанча тижорий банкларда ишлаган.
Оммавий митинглар ва норозиликлардан кейин Қирғизистонда ҳукумат алмашган 2005-йилнинг 24-март воқеаларида миллий банкнинг Жалолобод шаҳридаги вакиллигига ҳужум бўлган.
Шунда Сарбанов 126 млн сом ўғирланганини билдирган. Бироқ «номаълум ва тушунарсиз одамлар билан» узоқ давом этган сўзлашувлардан кейин сумманинг кўп қисми қайтарилган. Фақатгина 22,7 млн соми топилмаган.
Сарбанов миллий банкнинг раҳбарлигидан 2006-йилнинг март ойида «финансистлар иши» асосида бўшатилган — Бош прокуратура Сарбановга 1999-йили «қочқин президент Аскар Акаевга ноқонуний турда 420 минг доллар берган» деган айб қўйган. Тергов вақтида Сарбановни миллий банкнинг раиси хизматидан четлатишган.
2006-йилнинг апрель ойида Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди Сарбанов бошчилигидаги «финансистлар иши» бўйича айбланганларни оқлаган. Шунда бош прокуратура қарордан шикоят қилиш учун даъво аризаси бериб, кейин қайтариб олган.
2010-йили Сарбанов миллий банкка қайтиб келган. Банк бошқармаси раҳбарининг маслаҳатчиси бўлган.