Омбудсман Токон Мамитов парламент сайловига қатнашиш учун хизматини топширди

414

МСКнинг матбуот хизмати омбудсман Токон Мамитов истеъфога чиққанини маълум қилди. Муассасанинг маълумотига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси «партияларнинг бири билан» сайловга отлангани сабаб ишдан кетди.

Мамитов бунгача журналистларга берган интервьюсида бир неча йилдан бери аъзо бўлган «Бутун Қирғизистон» партияси билан сайловга қатнашишини айтган. Партия съезд ўтказгандан кейин Мамитов партия рўйхатининг олдинги бешлигига киргани маълум бўлди.

Омбудсман яқинда президент Садир Жапаров имзолаган «Сайлов ҳақидаги» янги конституция қонунига мувофиқ, ташвиқот ишлари бошлангунча ишдан кетишга мажбур бўлган.

Янги қонунга кўра, президент, амалдаги парламентнинг ва қишлоқ кенгашининг депутатларидан бошқа барча парламент сайловига номзодини қўйган давлат ходимлари ва сиёсий арбоблар эгаллаган хизматини топшириши керак. Бу қонун муниципал ва 30% давлатнинг улуши бор муассасаларнинг етакчиларига ҳам тегишли. Бу чора маъмурий ресурсдан фойдаланишни олдини олиш мақсадида қўлланилмоқда.

«Эркин, адолатли ва тоза сайловни таъминлаш учун маъмурий ресурс фуқароларнинг эрк-ниятини билдиришга таъсир қилмаслиги жуда муҳим. Шу сабаб юқорида кўрсатилган категориядаги етакчиларни ҳукумат ваколатларини тўхтатиш процесси номзод учун тенг рақобатни таъминлашни англатади», — деб таъкидлади МСК.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш 28-ноябрга белгиланган. Жогорку Кенешнинг янги чақирилиши 90 депутатдан иборат. Унинг 18таси аёлларга берилади. Депутатлар 5 йиллик муддатга сайланади.

Парламент сайлови аралаш тизимда ўтади. 54 депутат ягона сайлов округидан, пропорционал сайлов системаси орқали сайланса, 36 халқ вакили мажоритар система орқали бир мандатли сайлов округларидан сайланади.