Соғлиқни сақлашдаги коррупция: МХДҚ собиқ вазирнинг қариндоши қўлга олинди

385

МХДҚ ходимлари соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбарларидан бирининг яқин қариндошини фармкомпанияларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати 15-октябрда маълум қилди. Бундан ташқари, махсус хизмат соғлиқни сақлаш тармоғидаги коррупцияни фош қилиш бўйича ишлар давом этаётганини қўшимча қилди.

Давлат қўмитасининг версияси бўйича, қўлга олинган С.Ж.К. «Дори-дармонлар билан таъминлаш департаментида дори-дармон воситаларини рўйхатга олиш жараёнини ноқонуний тезлаштириш» учун соғлиқни сақлаш вазирлигининг хизмат ходимларига пора берган.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди гумондорни тергов тугагунча МХДҚнинг тергов қамоғига киритди.

Фарм-мафиялар

МХДҚ раиси ва минкаб раҳбарининг ўринбосари Камчибек Ташиев Қирғизистонда соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдорлари аралашган фармакология мафияси борлигини бир неча марта айтган.

Камчибек Ташиев 13-октябрдаги парламент йиғинида. Трансляциядан скриншот

«Бу ерда дори-дармон билан таъминлаш деган департамент ўз вазифасини бажармасдан, жиноятчилар билан бирлашиб олиб, халқнинг қонини сўришмоқда. Давлат ўз функциясини бажаролмай қолган. Булар аксинча, ўшаларга қўшилиб олиб, дорини қимматлатиб, молиявий мафия тузишган. Бугунги кунда МХДҚ фарм-мафияни тўлиқ назоратга ола бошлаган. Уч-тўрттаси СИЗОда ўтирибди. Бу тугади дегани эмас. Биз мутахассисларни қўлга олдик, соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбарларига ҳам етамиз. Бир қанча депутатлар, собиқ депутатларнинг фармкомпаниялари бор. Собиқ вазир Космосбек Чолпонбаевнинг қариндошининг ҳам фарм-мафияга алоқаси бор, улар вазирлик даражасига чиқариб олишган. Октябрь ичида дори-дармонларнинг нархи кескин арзонлайди», — деган у 13-октябрдаги парламент йиғинида.

Октябрнинг охирида ўлкада дорининг нархи кескин арзонлайди деб билдирган. Сентябрнинг охирида МХДҚ Қирғизистонга дори-дармонларни олиб келиб, уни «анча қиммат нархда» сотган фармкомпаниялар гуруҳини аниқлаган.

«Бу компаниялар гуруҳи назорат қилувчи давлат органларининг ходимларини ёрдами билан солиқдан қочиш учун импорт дориларнинг нархини ошириб, бироқ аҳолига сотишда спекуляция қилганлари аниқланди», — деб билдирган МХДҚ.

Бу иш бўйича махсус хизмат томонидан фармкомпаниялар бирининг раҳбари коррупцияда гумонланиб қўлга олинган. У МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган.