Президент Садир Жапаров министрлар кабинетининг раҳбарлигига иқтисод вазири Акилбек Жапаровнинг номзодини таклиф қилди. Бундан ташқари, минкабнинг янги таркибига номзодлар Жогорку Кенешнинг муҳокамасига юборилгани маълум бўлди. Бу ҳақда давлат раҳбари Instagram саҳифасида билдирди.
Президентнинг айтишича, министрлар кабинетининг раисини алмаштиришга «ғазнани тўлдириш» сабаб бўлган. сабаби Акилбек Жапаров бу йил бюджетни «280 млрд сом билан, 2022-йили 400 млрд сомга яқинлаштириб ёпиб бераман» деб сўз берган.
«Нима сабабдан алмаштирди деган саволлар бўлади. ҳар бир давлатнинг энг асосий муаммоси – бу ғазнани тўлдириш. Ғазна кўпайса, халқнинг ҳаёти яхшиланади, пенсия-ёрдам пуллар, маошлар кўтарилади, инфраструктура ва бошқа тармоқлар яхшиланади», — деди президент.
Президент «агар шунга еткиза олмаса, унда чора кўраман» деб таъкидлади. Шу сабаб Садир Жапаров Акилбек Жапаровни «ҳозирча танқид қилмай, ҳукумат раҳбарлигига қўйиб, вақт берайлик» деди.
Шунингдек, президент Акилбек Жапаровнинг «ҳар бир қадами, ҳаракати» тўлиқ назоратида бўлишини, унинг ишини текширишга «вақти ҳам, кучи ҳам етишини» қўшимча қилди.
Садир Жапаров Акилбек Жапаров «Қумтўр» масаласини «битириб, бюджетни барқарорлаштирди» деб ижобий баҳо берди.
Министрлар кабинетининг амалдаги раиси Улукбек Мариповнинг ишини «оғир вақтда қийинчиликларни бирга ўтказдик», «тажриба тўплади» деб билдирди.
«[Марипов] Улукбек Асамидинович ҳам ёмон ишламади. Яхши ишлади. Тажриба тўплади. Унинг келажаги олдинда», — деди Жапаров.
Президент Садир Жапаров 11-октябрда «Министрлар кабинети ҳақидаги» қонунга қўл қўйган. Унга кўра, министрлар кабинетининг таркиби ўзгаради.
Қонун имзоланган куни бир қанча ОАВлари министрлар кабинетида кадр ўзгаришлари бўлиб, минкабнинг амалдаги раҳбари Улукбек Марипов ишдан кетиб, ўрнига президентнинг сафдоши, иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаров келишини ёзишган.
Қонун нима ҳақда?
Президент маъмуриятининг маълумоти бўйича, министрлар кабинети ҳақидаги янги қонун президентга ўз ташаббуси билан ёки Жогорку Кенеш, халқ қурултойининг таклифини инобатга олиш билан министрлар кабинети раисини ёки министрлар кабинетининг бошқа аъзосини хизматдан бўшатиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқини беради.
Ҳужжатга кўра, Жапаров министрлар кабинетининг янги раисини ва тизимни тайинлайди, кейин парламентга таклиф киритади.
Энди министрлар кабинетининг раиси президент маъмуриятини бошқаради. Маъмурият ҳукумат аппарати вазифасини бажаради. Қонун лойиҳасида минкабнинг аъзолари хизмат уйлари билан таъминланади деб ёзилган, бироқ уни хусусийлаштириш тақиқланган. Минкабнинг бошчиси ва аъзолари судланмаган бўлиши керак. «Судлангани бекор қилинган ёки муддати тугагани» муҳим эмас.
Министрлар кабинетининг аъзосини «президентнинг розилиги» билан жиноий жавобгарликка тортса бўлади. Агар вазирнинг давлат мукофотлари бўлса, тергов вақтида қамоққа олинмайди, уй қамоғида бўлади.
Қонун имзоланган кундан бошлаб кучга киради.