Президентнинг маслаҳатчиси ва ёрдамчиси парламент сайловига қатнашади

346
Адинай Марипова / Равшан Сабиров

Президент Садир Жапаровнинг маслаҳатчиси Равшан Сабиров ва ижтимоий ёрдамчиси Адинай Марипова парламент сайловига қатнашади.

Сабиров сайловга «Ата-Журт Кыргызстан» партияси билан қатнашадиган бўлди. У шу йилнинг февраль ойида президентнинг маслаҳатчиси бўлиб тайинланиб, 12-октябрда ишдан кетди.

Равшан Сабиров 2020-йили натижаси бекор қилинган парламент сайловига Садир Жапаров ва Камчибек Ташиев тузган «Мекенчил» партияси билан келган. Октябрь воқеаларидан кейин у Жапаров бошқарган ҳукумат таркибида вице-премьер-министр бўлган.

Амалдор 2012-йили ижтимоий ривожлантириш вазирлигини бошқарган. Унга «Қирғизистондан бола асраб олишга рухсат берадиган лицензия учун италиялик компаниядан пора талаб қилган» деган айб қўйилган. Суд унинг мулкини мусодара қилиш билан беш йилга озодликдан маҳрум қилган, бироқ бир йилдан кейин амнистия билан бўшатилган. Ҳукуматга Жапаров келгандан кейин олий суд Сабировнинг «пора талаб қилиш» иши бўйича ҳукмларини бекор қилиб, қайта кўриб чиқишга юборган.

Адинай Марипова ҳам октябрдаги парламент сайловига президент «Мекенчил» билан қатнашган. Ҳозирда у «Ынтымак» партиясининг рўйхатида.

*«Ынтымак» партиясининг лидери Марлен Маматалиев. У ўтган йили «Мекеним Кыргызстан» билан сайловга отланган. Мазкур партия Матраимовларнинг оиласига қарашли деб айтилади.

Марипова сайловгача «Чемпион» лақаби билан танилган собиқ депутат Урмат Самаевнинг маслаҳатчиси бўлган. У Бишкек эркин иқтисодий ҳудудининг бошчиси Кудрет Тайчабаровнинг туғишгани. Тайчабаров ҳам мазкур хизматга Жапаров ҳукуматга келгандан кейин тайинланган.

Марипова январдаги президент сайловида Жапаровнинг ташвиқот кампаниясида ишлаган. 11-апрелда маҳаллий кенгашларга ўтган сайловда у «Ата-Журт Кыргызстан» партиясидан фойдаланган.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган. Янги Конституцияга кўра сайлов аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати билан, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.