Конституциявий қонун бўйича қўмита 12-октябрда янги министрлар кабинети таркиби билан тизимини тасдиқлади. Бунгача президент Садир Жапаров министрлар кабинетини истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонни имзолаб, янги таркибни таклиф қилган.
Аввалроқ президентнинг сафдоши, иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаров минкаб бошчиси вазифасини бажарувчи бўлиб тайинлангани маълум бўлган.
У қўмита йиғинида бюджет даромадини 120 миллиард сомга кўпайтиришга ваъда берган. Унинг айтишича, минкабнинг бунга имкониятлари бор.
«Агар олигархлар, сиёсатчилар аралашмаса иқтисодни кўтарса бўлади. Биз йиғимларнинг ҳажмини 120 миллиард сомга оширишни ният қиляпмиз. Бунинг учун биринчи навбатда контрабандани тўхтатиб, рақамлилаштиришни охирига етказиш керак», — деди у.
Министрлар кабинетининг тавсия қилинган таркиби:
- Министрлар кабинети раисининг биринчи ўринбосари — Арзибек Кожошев;
- министрлар кабинети раисининг ўринбосари — Азиз Аалиев;
- министрлар кабинети раисининг ўринбосари — Эдил Байсалов;
- министрлар кабинети раисининг ўринбосари — Камчибек Ташиев;
- ташқи ишлар вазири — Руслан Казакбаев;
- транспорт ва коммуникация вазири — Эркинбек Осоев;
- қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазири — Аскарбек Жанибеков;
- энергетика вазири — Доскул Бекмурзаев;
- табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазири — Динара Кутманова;
- соғлиқни сақлаш вазири — Алимкадир Бейшеналиев;
- фан ва таълим вазири — Болотбек Купешев;
- мудофаа вазири — Бактибек Бекболотов;
- ички ишлар вазири — Улан Ниязбеков;
- фавқулодда ҳолатлар вазири — Бообек Ажикеев;
- иқтисод ва коммерция вазири — Данияр Амангелдиев;
- молия вазири — Алмаз Бакетаев;
- юстиция вазири — Аяз Баетов;
- маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири — Азамат Жаманкулов;
- меҳнат, ижтимоий таъминлаш ва миграция вазири — Кудайберген Базарбаев.
Бундан ташқари, ҳукумат тизимига ҳам ўзгартиришлар таклиф қилинмоқда. Иқтисод ва молия вазирлиги алоҳида икки муассасага ажратилиши мумкин — молия вазирлиги ва иқтисод вазирлиги.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги аввалгидай алоҳида вазирлик бўлади — соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги.
Йиғинда парламент депутати Айнуру Алтибаева минкаб раиси вазифасини бажарувчи Акилбек Жапаровга мурожаат қилиб, вазирликларни ажратиш сабабини сўради. Амалдорнинг айтишича, бундай қарор давлат раҳбари Садир Жапаров томонидан қабул қилинган.
«Мен президентнинг қарорини қўллайман. Муассасанинг иши анализдан ўтди. Президент яқин кунларда соғлиқни сақлаш тармоғидаги ислоҳотлар жиддий бўлади деган қарорга келди [...] Бошқа катта ўзгаришлар бўлмади», — деди Жапаров.
«Министрлар кабинети ҳақидаги» қонун
Президентнинг матбуот хизмати Садир Жапаров 11-октябрда «Министрлар кабинети ҳақида»ги қонунга имзо қўйганини билдирди.
Жогорку Кенешнинг депутатлари бу қонун лойиҳасини 6-октябрда учинчи ўқишда қабул қилишган. Бироқ йиғинга қатнашган журналистлар парламентда 50дан ошмаган депутат ўтирганини таъкидлашган.
Уларнинг маълумотига кўра, йиғинга қатнашмаган халқ вакиллари учун ҳамкасблари тугмачани босишган. Масалан, Шайлообек Атазов уч ҳамкасби учун овоз берганини журналистларга ўзи айтган.
Қонунда нима ҳақида ёзилган?
Президент маъмуриятининг маълумоти бўйича, министрлар кабинети ҳақидаги янги қонун президентга ўз ташаббуси билан ёки Жогорку Кенеш, халқ қурултойининг таклифини инобатга олиш билан министрлар кабинети раисини ёки министрлар кабинетининг бошқа аъзосини хизматдан бўшатиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқини беради.
Ҳужжатга кўра, Жапаров министрлар кабинетининг янги раисини ва тизимни тайинлайди, кейин парламентга таклиф киритади.
Энди министрлар кабинетининг раиси президент маъмуриятини бошқаради. Маъмурият ҳукумат аппарати вазифасини бажаради. Қонун лойиҳасида минкабнинг аъзолари хизмат уйлари билан таъминланади деб ёзилган, бироқ уни хусусийлаштириш тақиқланган. Минкабнинг бошчиси ва аъзолари судланмаган бўлиши керак.
«Судлангани бекор қилинган ёки муддати тугагани» муҳим эмас.
Министрлар кабинетининг аъзосини «президентнинг розилиги» билан жиноий жавобгарликка тортса бўлади. Агар вазирнинг давлат мукофотлари бўлса, тергов вақтида қамоққа олинмайди, уй қамоғида бўлади.
Қонун имзоланган кундан бошлаб кучга кирди.
Министрлар кабинети ҳақидаги қонун янги қабул қилинган Конституция сабаб пайдо бўлди. Унда президентнинг роли ҳукуматнинг барча тармоқларида кучайтирилган, сабаби Қирғизистон энди президентлик ўлка бўлди. Янги бош қонунга мувофиқ, ижройи ҳукуматнинг вакили бўлган минкаб тўғридан-тўғри президентга бўйсунади.
Фаоллар билан юристлар янги Конституция президентга министрлар кабинетининг, парламентнинг ҳамда судларнинг устидан бошқаришга чексиз имкон бергани учун кескин танқид қилишган.