Контрабанда бўйича судланган Дамирбек Асилбек ўғли сайловга қатнашиш учун ариза берди

355
Дамирбек Асилбек ўғли

Контрабанда бўйича судланган собиқ депутат Дамирбек Асилбек ўғли парламент сайловига қатнашиш учун 11-октябрда МСКга ариза берди. У Иссиқкўл вилоятидаги №35 Ак-Суу сайлов округидан номзодини кўрсатди.

Асилбек ўғли 2018-йили қирғизистонлик икки киши билан бирга Қозоғистонда контрабандада гумонланиб қўлга олинган. Қозоғистоннинг махсус хизмати олиб борган операция натижасида контрабандасига алоқаси бор дейилган умумий 29 киши қўлга олинган — уларнинг орасида божхоначилар, куч органлари ва жиноий гуруҳларнинг аъзолари бўлган.

Шунингдек, Қозоғистоннинг ташқи ишлар вазирлиги Асилбек ўғлининг қозоқ фуқаролиги борлигини маълум қилган. Бироқ собиқ депутатнинг отаси Асилбек Супатаев унинг фарзанди Қирғизистонда туғилганини ва унда қозоқ фуқаролиги йўқлигини айтган.

2019-йилнинг апрель ойида Олмота шаҳрининг махсус суди Асилбек ўғлини ва икки қирғизистонликни «Транс миллий уюшган жиноий гуруҳни тузиш ва бошқариш», «Иқтисодий контрабанда» моддалари билан айбдор деб топиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ўша йилнинг ноябрь ойида уни Қирғизистонга ўтказиб берган.

Бироқ собиқ депутат 2020-йилнинг 21-августида озодликка чиққан — у 10 йиллик қамоқ муддатининг бир йилдан ортиғини қамоқда ўтказган. Бир ҳафтадан кейин олий суд амнистия бўйича бўшатилган деб тушунтирган. Шунингдек, суд Асилбек ўғлидан «Транс миллий уюшган жиноий гуруҳни тузиш ва бошқариш » айбини олиб ташлаган.

Асилбек ўғли кураш федерациясининг вице-президенти. У шу йилнинг август ойида «Қирғизистонни Олимпиадага қатнашиши учун катта ҳисса қўшгани учун» президент Садир Жапаровдан фахрий ёрлиқ олган.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади. Янги Конституцияга кўра сайлов аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати билан, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.