Жапаров министрлар кабинети тўғрисидаги қонунга қўл қўйди

331

Президентнинг матбуот хизмати Садир Жапаров 11-октябрда «Министрлар кабинети ҳақида»ги қонунга имзо қўйганини билдирди.

Жогорку Кенешнинг депутатлари бу қонун лойиҳасини 6-октябрда учинчи ўқишда қабул қилишган. Бироқ йиғинга қатнашган журналистлар парламентда 50дан ошмаган депутат ўтирганини таъкидлашди.

Уларнинг маълумотига кўра, йиғинга қатнашмаган халқ вакиллари учун ҳамкасблари тугмачани босишган. Масалан, Шайлообек Атазов уч ҳамкасби учун овоз берганини журналистларга ўзи айтган.

Қонунда нима ҳақида ёзилган?

Президент маъмуриятининг маълумоти бўйича, министрлар кабинети ҳақидаги янги қонун президентга ўз ташаббуси билан ёки Жогорку Кенеш, халқ қурултойининг таклифини инобатга олиш билан министрлар кабинети раисини ёки министрлар кабинетининг бошқа аъзосини хизматдан бўшатиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқини беради.

Ҳужжатга кўра, Жапаров министрлар кабинетининг янги раисини ва тизимни тайинлайди, кейин парламентга таклиф киритади.

Энди министрлар кабинетининг раиси президент маъмуриятини бошқаради. Маъмурият ҳукумат аппарати вазифасини бажаради. Қонун лойиҳасида минкабнинг аъзолари хизмат уйлари билан таъминланади деб ёзилган, бироқ уни хусусийлаштириш тақиқланган. Минкабнинг бошчиси ва аъзолари судланмаган бўлиши керак. «Судлангани бекор қилинган ёки муддати тугагани» муҳим эмас.

Министрлар кабинетининг аъзосини «президентнинг розилиги» билан жиноий жавобгарликка тортса бўлади. Агар вазирнинг давлат мукофотлари бўлса, тергов вақтида қамоққа олинмайди, уй қамоғида бўлади.

Қонун имзоланган кундан бошлаб кучга киради

Министрлар кабинети ҳақидаги қонун янги қабул қилинган Конституция сабаб пайдо бўлди. Унда президентнинг роли ҳукуматнинг барча тармоқларида кучайтирилган, сабаби Қирғизистон энди президентлик ўлка бўлди. Янги бош қонунга мувофиқ, ижройи ҳукуматнинг вакили бўлган минкаб тўғридан-тўғри президентга бўйсунади.

Фаоллар билан юристлар янги Конституция президентга министрлар кабинетининг, парламентнинг ҳамда судларнинг устидан бошқаришга чексиз имкон бергани учун кескин танқид қилишган.

Минкабнинг таркиби ўзгариши мумкинми?

«Министрлар кабинети ҳақидаги» қонунга қўл қўйилган куни бир қанча қирғиз ОАВлари 11-октябрда шахсий манбаларига таяниб яқин кунларда министрлар кабинетида кадр алмашувлари бўлишини ёзишган. Kaktus.media’нинг маълумоти бўйича, минкабнинг бошчиси Улукбек Марипов ишдан кетиб, ўрнига президентнинг сафдоши, иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаров келади.

Марипов 2021-йилнинг февраль ойида премьер-министрлик хизматига тайинланган. Жорий йилнинг май ойида янги Конституция қабул қилингандан кейин Марипов ўз ўрнини сақлаб қолган, бироқ министрлар кабинетининг раиси деб аталиб қолган.

«Азаттык» нашри ҳам ўз манбаларига таяниб, бошқа кадрларни ҳам алмаштириш кутилаётганини маълум қилган. Уларнинг маълумотига қараганда, ҳозирда МХДҚнинг раиси, президентнинг сафдош дўсти Камчибек Ташиев ўрнини сақлаб қолади, бироқ министрлар кабинети раисининг хавфсизлик бўйича ўринбосари бўлиши мумкин.

Ташиев МХДҚ бошчилигига ўлкада ҳукумат алмашиб, Сооронбай Жээнбеков президентликдан кетгандан кейин 2020-йилнинг 16-октябрида тайинланган. Бу хизматга Ташиевни Садир Жапаров давлат раҳбари вазифасини бажарувчи бўлганда тайинлаган.