Қамоқдаги сиёсатчи Равшан Жээнбеков парламент сайловига қатнашиш учун ариза берди

299
Равшан Жээнбеков МСК биносида

МХДҚнинг тергов қамоғида ўтирган собиқ депутат Равшан Жээнбеков парламент сайловига қатнашиш учун 12-октябрда МСКга ариза берди. У МСКнинг биносига конвой назоратида келди.

Жээнбеков номзодини Бишкекнинг №26 Ленин сайлов округидан кўрсатди. Бунгача Жээнбековнинг ишончли одами МСКга сиёсатчининг ҳужжатларини топширишга ҳаракат қилган, бироқ комиссиядан номзоднинг ўзини келишини талаб қилишган.

Шу сабаб Жээнбеков судга мурожаат қилиб, уни МСКга олиб боришни сўраган. Биринчи май туман суди унинг аризасини қаноатлантирди.

«[Сайловга] собиқ савдогарлар, қўшмачилар, бозорқўмлар келмоқда. Мен халқдан илтимос қиламан — бизга ўхшаган мухолифатни, мустақил сиёсатчиларни сайланглар. Мустақил сиёсатчилар парламентга келмаса биз ҳеч қачон яхши парламент бўлолмаймиз. Ҳеч қачон яхши давлат бўлолмаймиз. Барингиздан илтимос қиламан, мухолифат парламентга келсин», — деди Жээнбеков уни конвой олиб кетаётганда.

Равшан Жээнбеков 2019-йилнинг декабрь ойида «Қўйтош воқеаси» сабаб қўлга олинган. Унга «оммавий тартибсизликлар уюштириш», «одамларни гаровга олиш» ва «ҳукуматни куч билан босиб олишга ҳаракат қилиш» моддалари бўйича айб қўйилган.

2020-йили октябрь воқеаларида Жээнбеков бир қатор сиёсатчилар билан бирга қамоқдан бўшатилган. Кейинчалик суд унинг эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириб, бироқ шу йилнинг 5-августида уни №1 тергов қамоғига қайтарган.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган. Янги Конституцияга кўра сайлов аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати билан, 36 депутат бир мандатли округ билан.

Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади. Сайловга бир мандатли округлардан қатнашиш ниятини билдирган номзодлар 13-октябргача ариза бериши керак.