Сарибашов ўғлини уйлади. Тўйга Қамчибек Ташиев билан Райимбек Матраимов ҳам келди

367
Тўйдан суратлар. Коллаж: Айбике Адилет қизи/Kloop

Ўш шаҳрининг собиқ мэри Таалайбек Сарибашов 9-октябрда ўғли Нурсултан Насирбековни уйлантириб, Бишкек шаҳрида катта тўй берди. Маълумотни «Клооп»га Сарибашовнинг собиқ маслаҳатчиси Азамат Абсаттаров тасдиқлади.

Ўшдаги кўкаламзорлаштириш муниципал ишхонасининг директор ўринбосари Нурсултан Шакир ўғли Инстаграм саҳифасидаги сторисига тўйдан видео жойлади. Унда МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг табригидан парча кўриш мумкин.

«Ҳурматли Таалай иним, ҳурматли қудалар! Барингизни бугунги яхши кеча билан, бугунги тўй билан табриклайман! Таалай иним, бугун яхши тилак билан тўй қиляпсан», — деб сўзлаган Ташиев.

Ташиев билан бирга саҳнада коррупционер Райимбек Матраимов, собиқ спикер Ахматбек Келдибеков, Бош прокурор Курманкул Зулушев, депутат Улан Примов ва депутат Азамат Арапбаев ҳам турган.

Тўйга хонандалар Саламат Садикова, Мирбек Атабеков, Анжелика Кайратова, Нурлан Насип ва Юлия Руцкая келган. Тўйни таниқли тамада Санжар Микиев олиб борган. Улар ижтимоий тармоқларига жойлаган сурат-видеоларда тўй Бишкекдаги «Ала-Тоо» ресторанида ўтганини таъкидлашган.

Сарибашовнинг ўғли Нурсултан Насирбеков 24 ёшда. У олдин Бишкек мэриясининг марказий аппаратининг ташкилий-инспекторлик бўлимининг мутахассиси бўлиб ишлаган. Отаси Таалайбек август ойида Бишкек мэри вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланганда ўғлини ишдан бўшатиб, ўн кундан кейин ўзи ҳам ишини топширган.

МХДҚнинг бошчиси Камчибек Ташиевга «тегишли» дейилган «Ата-Журт Кыргызстан» партияси 10-октябрда съездини ўтказиб, номзодини тасдиқлади. Унда дастлабки бешликка Таалайбек Сарибашов киргани маълум бўлди.

Нурсултан Насирбеков

«Уйи йўқ» мэр

Таалайбек Сарибашов Ўш шаҳрининг мэри бўлиб турганда «Ўш шаҳрида уйим йўқ» деб жанубий резиденцияда давлат бюджети ҳисобидан яшаган.

Икки йил олдин у резиденцияда яшаган уйини 3 млн 291 минг сомга капитал таъмирдан ўтказган. Шунингдек, журналистлар Сарибашовдан «Гулчўдаги саройни қайси пулга қурдингиз» деб савол беришган.

У уй отасига қарашли эканини, уни ака-укалар йиғилиб қуришганини билдирган. Сарибашовнинг айтишича, бу 11 туғишган — уларнинг бари бизнес билан шуғулланади.

Сарибашов ўзи Ўш шаҳрига мэр бўлиб 2018-йилнинг июлида сайланган. Олдин у 2008-йили Олай туман кенгашининг депутати, тўрт йилдан кейин Олай тумани ҳокими бўлиб, 2015-йилдан бошлаб эса шаҳар раҳбарлигига келгунча Ўш вилоятини бошқарган.