Айбек Осмонов сайловга Ўш шаҳар округидан қатнашиш учун ариза берди

330
Айбек Осмонов

Депутат Айбек Осмонов парламент сайловига қатнашиш учун МСКга ариза берди. У номзодини №7 Ўш шаҳар округидан кўрсатди.

6-октябрга кўра сайловга қатнашиш учун ариза берганларнинг умумий сони 108га етди. Уларнинг орасида Осмоновдан ташқари сайловга қатнашишни истаган амалдаги депутатлар, давлат хизматчилари ҳам бор.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга кўра аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.

Осмонов ва у асос солган партиялар

Осмонов парламентга шу йилнинг 15 мартида келган. У тузган «Биздин Кыргызстан» партияси Ўш шаҳар кенгашига ўтган қайта сайловда 15 мандат олган.

Бундан ташқари, Айбек Осмонов ўтган йили натижаси бекор қилинган парламент сайловида 24 фоиздан ортиқ овозга эга бўлган «Мекеним Кыргызстан» партиясига асос солган.

Бироқ бу партия сайлов вақтида Матраимовларнинг оиласига ва тарафдорларига ўтиб кетган. Ҳозирда партиянинг асосчиси қатори ўн киши кўрсатилган, уни Матраимовларнинг тарафдори, депутат Мирлан Бакиров бошқаради.

Кейинчалик Осмонов «Ыйман Нуру» партиясини тузган, бироқ унинг рўйхатидан ҳам чиқиб, парламент сайловига қатнашишдан бош тортган.

Ўша вақтда «Ыйман Нуру» партиясининг раиси бўлган Чингиз Макешов бунга собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг Осмоновга нисбатан қилган босими сабаб бўлганини айтган.

Кейин Осмонов «Биздин Кыргызстан»га асос солиб, партия маҳаллий кенгашга ўтган сайловларга қатнашган.

Депутатнинг ўзи бизнесмен сифатида ҳам маълум. У олдин укаси Нурбек Осмонов билан бирга «Каганат Инвест» холдингига эгалик қилган. Бу холдинг таркибида «Ихлас» («Кыргыз Каганат») қурилиш компанияси, Ўшдаги электромобиль чиқарувчи «Кыргыз унаа курулуш» ва «Кыргыз Текстиль ЛТД» бор.