ТИЗОдаги собиқ депутат Равшан Жээнбеков ҳукумат «Қумтўрда ишлаб чиқарилган олтинни миллий банкка сотишни кўзлаб, Толкунбек Абдигуловни истеъфога чиқарди» деб билдирди. Жээнбеков бу билдирувни 29-сентябрда Бишкекнинг Биринчи май туман судида «Қўй-Тош воқеалари» бўйича ўтган йиғинда айтди.
Жээнбеков миллий банк «Кыргызалтын» ишхонасидан олтин олишга ҳуқуқ йўқлигини таъкидлади. Унинг айтишича, агар миллий банк Қумтўрнинг олтини сотиб оладиган бўлса, унда халқаро арбитраж судига «субъект қатори чақирилади».
«[Миллий банкнинг] собиқ етакчиси [Толкунбек Абдигулов олтин] олмаётгани учун уни ишдан бўшатишга тўғри келмоқда. [Ҳукумат] янги раис олиб келиб, Қумтўрда ишлаб чиқарилган олтинни, “Кыргызалтын”нинг олтинини миллий банкка сотамиз демоқда. Бу иқтисодни дестабилизацияга олиб келади. Қирғизистон халқаро судни миллий банк орқали олтинни сотиб олгани учун судда ютқазади», — деди Жээнбеков.
Абдигулов миллий банкнинг раҳбарлигидан 29-сентябрда топширган. Бунга президентнинг уни «бошқа хизматга тайинлаш таклифи» сабаб бўлган. Абдигуловнинг ўрнига «Кыргыз лото» давлат компанияси директорининг ўринбосари Кубаничбек Бўкўнтаев таийнланган.
«Миллий банк ва Қумтўр ўртасида шартнома йўқ»
Ҳукумат Қумтўр конига сиртдан бошқарув киритгандан кейин «Кумтөр Голд Компани»нинг раҳбарияти Қирғизистондан чиқиб кетган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев ўша вақтдан бошлаб Қирғизистондан «бир грамм олтин чиқарилмади» деб билдирган.
«Қумтўр Голд Компани»нинг ташқи бошқарувчиси Тенгиз Бўлтурук ишхонани маблағ билан таъминлаши учун Қумтўр конида ишлаб чиқарилган олтин миллий банкка сотилишини айтган.
Бироқ Абдигулов Жогорку Кенешнинг 29-сентябрдаги йиғинида Қумтўр конидан олтинни сотиб олиша бўйича «Қумтўр Голд Компани» ишхонаси билан шартнома тузилмаганини очиқлади. Шунга қарамай, Қумтўрдан 7 тоннага яқин олтин сотиб олинганини тасдиқлади.
«Бирорта шартнома йўқ. Бироқ миллий банк қонун бўйича Қирғиз Республикасида ишлаб чиқарилган олтинни сотиб олишга мажбурмизда», — деган Абдигулов.
«Президентнинг нотўғри қарорларидан бири бўлди»
Депутат Абдивахап Нурбаев «Азаттык» радиосининг «Эксперттер талдайт» дастурида «популистлар ҳукуматга келган вақтда» Абдигулов «ваколатли, ўзининг аниқ билган профессионал» кишиларнинг бири бўлганини таъкидлаган. Нурбаевнинг айтишича, депутатлар Абдигуловнинг истеъфосини қабул қилмасликни кўзлашмоқда, бироқ миллий банкнинг собиқ бошчиси «ишдан кетишини қўллаб беришни ўзи сўраган».
«Биз сўраганда “президент қарор қабул қилиб, илтимос қилди” деди [Абдигулов], бироқ бу президентнинг энг нотўғри қарорларидан бири бўлди. Сабаби ҳозир ҳукумат амаллаб туради, бироқ миллий банкда мустақил, кучли одам турганда бизнинг сом кучида турса ҳам халққа озгина енгиллик бўлмоқда», — деди Нурбаев.
Шунингдек, депутат олдин Абдигулов қайси хизматга кетаётганини ўзи ҳам билмаганини, кейинчалик унга халқаро валют фондидан хизмат берилиши ҳақида бировдан СМС келганини билдирди.
«Сабаби Жогорку Кенешдаги вазиятни кўриб, кимдир ўйлади “буни кетказмай қўймасин” деб. Кейин [депутат Наталья] Никитенко савол берганда айтолди: “Менга маълумот келди, мен шу ерга бораман” деб — у ўзи ҳам билмасди. Ўша ердаги вазиятдан кейин менинг фикримча унга иш беришга мажбур бўлишди», — деди Нурбаев.
Шунингдек, Нурбаев Абдигуловда миллий банкни Қумтўр масаласи бўйича «нейтрал томонда сақлаб қолиш принципи бўлган» деб тахмин қилди. Бундан ташқари, депутат Абдигулов бошқарган миллий банк «Мегаком»ни сотиб олиш масаласида «принципиал позициясида тургани ҳам ҳукуматга ёқмай қолган» деган фикрда.
*Давлат мулк фондининг раиси Мирлан Бакиров «Мегаком» компаниясининг потенциал сотиб олувчиларнинг бири миллий банк бўлганини шу йилнинг 29-июлида билдирган. Бироқ миллий банкни ўша вақтда бошқарган Абдигулов бу бўйича таклиф тушмаганини, миллий банкнинг мулки ҳукуматга қарашли бўлмаганини таъкидлаган.
Шу кўрсатувга қатнашган иқтисодчи Расул Тулеев қочқин президент Курманбек Бакиев даврида бир неча банк орқали кўплаган пуллар четга чиқарилганини эсга солди. Тулеев Абдигулов «шундай схемаларга қарши бўлиб, имконсиз одам бўлиб қолиши мумкин» деган фикрини айтди.
Бу орада «Кыргызалтын» ишхонаси Лондон қимматбаҳо металллар бозори ассоциациясининг аъзолигидан чиқарилган. Бу «Кыргызалтын» қимматбаҳо метал билан савдо қилган йирик савдогарлар билан ҳамкорлик қилолмайди ва Қумтўрда ишлаб чиқарилган олтинни сотишда қийинчиликка дуч келади деган маънони англатади.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев 25-сентябрда Қирғизистон ҳудудидан июнь-июль ойларида Қумтўр конидан давлат бюджетига 90 млн доллар даромад тушганини билдириб, «охирги 21 йилда Қумтўрдан 84 млн доллар фойда келган» деб таъкидлади.
Бироқ «Қумтўр Голд Компани»нинг расмий маълумотига кўра, 1994-2020-йиллари компания Қирғизистон бюджетига деярлик 4,5 млрд доллар тўлаганини кўриш мумкин. Унинг 132 млн доллари 2020-йили тўланган.