Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияга Валентина Чупикни депортациялашни тақиқлади

369

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикни Россиядан Ўзбекистонга департациялашни тақиқлади. Камида 17-октябргача ҳуқуқ ҳимоячиси Россия ҳудудидан чиқарилмаслиги керак. Бу ҳақда адвокат Дарья Тренина фейсбук саҳифаси орқали билдирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг қарори. Сурат: Дарья Тренина

Тренина «Новая газета»га берган интервьюсида «Европа суди воқеанинг сабабларини аниқлаш учун Россия ҳукуматига бир қанча саволларни берганини» айтиб ўтди.

«Чупикни ўлкадан чиқариб юбориш ҳақида аниқ ҳужжат ҳозирча йўқ. Бироқ тақиқлангании ҳақида билдирув топширилгандан кейин автоматик равишда тайёр бўлишини биламиз[…] Ҳукумат 17-октябргача жавоб бериши керак: ўлкадан мажбурлаб чиқариш бўйича қарор борми ёки режалаштирмоқдами? Кейин АУЕС №39* қоидасини узайтиради ёки йўқ — бу вазиятга яраша бўлади», — деб тушунтирди у.

*№39 қоидага кўра, даъво аризаси инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида қаралгунча давлат органларига одамнинг ўрнини алмаштириш тақиқланган. Олдин россиялик «Қийноқларга қарши қўмита» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот Валентина Чупик қўлга олиниб, Россия ҳудудидан депортацияланиши мумкинлигини ҳақида ИҲЕСга мурожаат йўллаган. Ташкилотда Чупикни депортациялаш «унинг ҳаётига хавф солади деб ҳисоблайди: ватанида, Ўзбекистонда уни қийноқлар ва ҳукумат томонидан тақиблар кутмоқда».

Ўзбекистон консуллигининг ходимлари келишган

ИҲЕСнинг қарори чиққунча Ўзбекистон консуллигининг ходимлари аэропортдаги махсус сақлаш жойига келиб, ўлкадан чиқариш учун ҳужжатларни тўлдириш мақсадида Валентина Чупикка учрагани маълум бўлди.

«У [Валентина Чупик] Ўзбекистон консуллигининг ходимлари ортга қайтариш гувоҳномасига суратга олиш учун келганини маълум қилган», — деб билдирди «Новая газета»га ҳуқуқ ҳимоячисининг ёрдамчиси Александр Ким.

Украинадаги бошпана

Кейин Чупикнинг вакиллари Украинанинг ТИВга, Украинанинг Россиядаги элчилигига ва консуллигига мурожаат қилиб, бошпана сўрагани маълум бўлган. шунингдек, илтимос ҳуқуқ ҳимоячисининг онасини номидан ҳам берилган.

Россияга киришни тақиқлаш ва депортациялаш

Валентина Чупик — ҳуқуқ ҳимоячиси ва меҳнат муҳожирларига ёрдам берган нотижорий «Тонг Жаҳони» ташкилотининг етакчиси. Мазкур ташкилот ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан босим ёки бошқа муаммоларга учраган муҳожирларга юридик ёрдам беради.

Валентина Чупик. Сурат: ҳуқуқ ҳимоячисининг фейсбук саҳифасидан

Чупик — Ўзбекистон фуқароси. ОАВларининг маълумотига қараганда, у Россияга 2005-йили келиб, ўлкада қочқин сифатида яшаган.

25-сентябрга ўтар кечаси Арманистондан учиб келган Чупикни Шереметьево аэропортидан Россиянинг ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) ходимлари ушлаб, депортация қилиш учун махсус сақлаш жойига киритган. Қўлга олинганда ФХХнинг ходимлари унга «қочқин» мақомидан маҳрум қилиш ҳақида билдирувни топшириб, 2051-йилгача Россияга киришни тақиқланганини билдиришган.

Чупикнинг «қочқин» мақоми қалбаки ҳужжатдан фойдаланганида гумонлангани сабаб олинган. Россия ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиси «“қочқин” мақомини олишда атайлаб ёлғон маълумот берган ёки қалбаки ҳужжат кўрсатган» деб ҳисоблайди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи хоним бу айбловларга рози бўлмаган ва «сафсата» эканини таъкидлайди.

Валентина Чупикка берилган билдирувнинг сурати. Сурат: «Новая газета»

27-сентябрда ҳуқуқ ҳимоячисининг Подольск шаҳридаги дала ҳовлиларининг бирида яшаган уйи тинтув қилинган. Чупикни ўзини айтишича, уйга саккиз полиция ходими ва ўзини ФСБ полковниги деб таништирган фуқаролик кийимидаги одам кириб келган.

«Бу уйда 85 ёшдаги онам яшайди, эртами-кечми қўшнимиз кириб қараб туради. Улар келиб онамнинг ҳужжатларини талаб қилибди. Уйни тинтиб чиқишган. Мен бир ноқонуний нарса ташлаб кетди деб хавотир бўляпман. Ким билади? Қисқаси мени рўйхатдан ўтган манзилида яшамайди деган протокол тузмоқчи шекилли. Мен томондан қонун бузиш ҳолатлари йўқ. [...] ҳозир менга миграция қонунларини бузди деган айб қўйишмоқчи. Менинг фикримча, бу ўлкадан депортация қилишга баҳона топиш учун бўлган ҳаракат», — деб айтган у 27-сентябрда «Озоди Радиоси»га.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳамкасблари уни ўлкадан чиқарилиши — ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ўч олиши деб ҳисоблашади. Чупик куч органларининг ходимлари унга шундай эканини айтганини таъкидлайди. Унинг айтишича, ФСБнинг ходимлари сўзлашув вақтида бу «унинг юриш-туришига бевосита боғлиқлигини» айтган.

«Сиз бизнинг ИИВга системали коррупция борлигини айтгансиз, муҳожирларни қўлга олиниши бўйича тинимсиз арзландингиз. Москванинг, Санкт-Петербургнинг, вилоятларнинг барча полиция ходимлари сизнинг устингиздан арзланишмоқда. Биз нима қилардик? Бошқача қилиш мумкин бўлмади? Иложи йўқ», — деб айтган куч органининг ходимлари ҳуқуқ ҳимоячисига.

Чупикнинг айтишича, агар уни Ўзбекистонга депортация қилишса, «бир ёмонлик бўлади». уни юртида «зудлик билан МХДҚнинг ертўласига қамаб қўйишади» деб хавотирланади.

«Энди мени ўлдиришади деб келса айтолмайман, бироқ менинг феълимни ҳисобга олганда бўлиши мумкин. Мен шунчаки бўйсуниб, қўрқиб қолишни билмайманда, шу сабаб мени ушлаб ўтириш кўп ресурсни талаб қилишини тушунганда калтаклаб қўйиши мумкин. Бу ҳам ёмон эмас. Мени кўп ушлаб, қийноққа солишса бундан ёмон иш бўлади. Ишонч билан айта оламан», — деган у.

«“Биз сени кутяпмиз, сени ўзимиз кутиб оламиз” деб қувонган таҳдидлар кела бошлади. Улар Ўзбекистоннинг МХДҚнинг ходимлари бўлса керак деб тахмин қиляпман», — деб айтган у.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Россияга тобе.

«МХДҚ ФСБнинг “укаси” сифатида мени йўқ қилишга бор кучини сарфлайди деган ўйдаман», — дейди у.