Бакиевнинг собиқ маслаҳатчиси Элмурза Сатибалдиев сайловга қатнашиш аризасини берди

349
Элмурза Сатибалдиев

Собиқ прокурор Элмурза Сатибалдиев парламент сайловига қатнашиш ниятини билдириб, Марказий сайлов комиссиясига 29-сентябрда аризасини берди. Сатибалдиев номзодини Ўш вилоятининг №12 Ўзган сайлов округидан кўрсатди.

Сатибалдиев 2007-2009-йиллари қочқин президент Курманбек Бакиевнинг даврида бош прокурор, 2009-2010-йиллари президентнинг маслаҳатчиси бўлган. Ҳозирда у Қирғизистоннинг волейбол федерациясининг президенти.

Бишкек гарнизонининг Ҳарбий суди 2014-йили Сатибалдиевни «лавозимдан фойдаланиш» моддаси билан айбдор деб топиб, мулкини мусодара қилиш билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилган. Суд унинг ҳаракатлари «2010-йилнинг 7-апрелида бўлган революцияда 87 кишининг ўлимига олиб келган» деб топган.

Бироқ Сатибалдиев тўлиқ жазо муддатини ўтаган эмас — у 2016-йили шартли равишда муддатидан аввал бўшатилган. 2019-йили Октябрь туман суди унинг судланишини бекор қилган.

2018-йили Сатибалдиев «қонундаги ўғри» Камчи Кўлбаев уюштирган тўйга бориб, криминалнинг онасини туғилган куни билан қутлаган. Шунингдек, 2019-йили Матраимовларнинг оиласи ташкил қилган спорт тадбирида қатнашган.

2020-йили октябрда ўтиб, кейин натижаси бекор қилинган парламент сайловига Сатибалдиев «Замандаш» партияси билан келган.

30-сентябрга кўра парламент сайловига бир мандатли округдан қатнашиш ниятини 57 киши билдирди. Уларнинг орасида «Кыргызстан» партиясининг лидери Канат Исаев, депутатлар Айбек Алтинбеков, Азизбек Турсунбаев ва Тазабек Икрамов ҳам бор.

Сатибалдиевдан ташқари №12 Ўзган сайлов округидан ҳозирча ҳеч ким қатнашиш ниятини билдирмади.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга кўра аралаш тизимда ўтади  — 54 депутат партиявий рўйхат, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.