Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхан Есенгелдиев 26-сентябрда толиблар томонидан тайинланган Афғонистоннинг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хан Муттаки билан учрашди. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукуматининг матбуот котиби Забихулла Мужахид Твиттерга ёзди.
Учрашувда икки томон «давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқ муносабати муҳимлигини таъкидлаб, бу тармоқда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришни ваъда қилишгани» айтилди.
«Элчи Қобулдаги хавфсизлик бўйича вазиятдан қаноатланганини билдириб, Афғонистонга гуманитар ёрдам етказишга чақирди», — деб айтилади билдирувда.
Қозоғистон — «Толибон» тайинлаган ҳукумат билан шундай даражада учрашувга борган Марказий Осиёдаги иккинчи давлат бўлди. Бунгача Қирғизистоннинг хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Таалатбек Масадиков афғон ҳукумати вакиллари билан учрашган.
*«Толибон» — радикал ислом ҳаракати, у Қирғизистон ва бир қанча мамлакатларда тақиқланган ва террористик деб топилган.
Учрашув 23-сентябрда Қобул шаҳрида ўтган. Унда Қирғизистоннинг президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлимининг раҳбари Жээнбек Кулубаев ҳам бўлгани айтилган.
Президентнинг матбуот хизмати билдиришича, қирғиз делегацияси «Қобулга Қирғизистон халқи номидан Афғонистон халқига гуманитар ёрдам етказган».
Қирғизистон президенти Садир Жапаров республика Афғонистоннинг «ички ишларига аралашмасликни» ва бу ўлка билан «дўстлик муносабатини қўллайди» деб ишонтирган. Шунингдек, у «Афғонистонда вазият тез орада барқарорлашиши» учун «янги ҳукуматнинг вакиллари билан турли масалалар бўйича ҳамкорликнинг имкони бўлган вариантлари ҳақида диалог олиб бориш зарурлигини» таъкидлаган.
Толиблар ҳукуматни босиб олгандан кейин Афғонистон билан алоқани яхшилашга Ўзбекистон ҳам ҳаракат қилган. 14-сентябрда Ўзбекистон Афғонистонга озиқ-овқат ва кийим-кечак турида ёрдам юборган.
Шунингдек, Россия терроризм билан курашишда «Толибон»ни қўллашга тайёрлигини билдиргани маълум бўлган.