Қора-Қулжа туманининг ҳокими бўлиб Дамир Кулубаев тайинланди

411

Ўш вилоятининг Қорақулжа туманининг ҳокими бўлиб Дамир Кулубаев тайинланди. Тегишли буйруққа президент Садир Жапаров 27-сентябрда қўл қўйди.

Бунгача мазкур туманни Аманкан Кенжебаев бошқарган. У Жогорку Кенешга номзодини қўйгани сабаб 15-сентябрда ўз аризаси асосида ишдан бўшатилди. Кенжебаев тўрт ой олдин Сокулук туманидан ротация қилинган эди.

Дамир Кулубаев — 43 ёшда. У Бишкек шаҳрида туғилган. Мазкур хизматга тайинлангунча Молия вазирлиги қошидаги бюджет кредитларини бошқариш агентлигида бошқарувчи мутахассис бўлиб ишлаган.

Кулубаев 2009-йили ЎшДУнинг юридика институтини битирган. 2010-йили ФҲВнинг Панфилов туман бўлимининг бошчиси, 2012-йили Ёшлар, меҳнат ва иш билан таъминлаш вазирлигининг етакчи мутахассиси, бир йилдан кейин Давлат ветеринар ва фитосанитар хавфсизлик бўйича инспекциясининг бош нозири бўлиб ишлаган.

Кулубаев 2013-йилнинг 4-ноябридан бошлаб икки йил Чуй вилоятининг Панфилов туман давлат маъмуриятининг аппарат етакчиси бўлган. 2017-йилгача қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлигининг стат-котиби вазифасини бажарувчи, вазирнинг маслаҳатчиси бўлган.

2017-йилнинг 7-июнида Чуй вилоятининг Панфилов тумани ҳокими бўлиб тайинланиб, туманни бир йил бошқарган.