Чегара хизмати: Тожикистонда Лайлак туманининг турғуни қўлга олинди

413
Хўжанд — Канибадам автойўли. Сурат: «Субъективный путеводитель»

Баткен вилоятининг Лайлак туманига қарашли Ёшлик қишлоғининг 26 ёшдаги турғуни Уразбек Мирзоев Тожикистонда қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг МХДҚнинг чегара хизмати 27-сентябрда билдирди.

Қирғиз фуқаросини қўшни ўлканинг махсус хизмати қўлга олгани маълум бўлди.

Дастлабки маълумотга кўра, мазкур турғун аёли билан биргаликда Хўжанд — Канибадам қатнови билан Тожикистоннинг Жигдалик қишлоғига кетаётганда ушланган. Мазкур маълумотни қирғиз ҳукуматига унинг аёли маълум қилган.

Ҳозирда Қирғизистоннинг Баткен вилояти ва Тожикистоннинг Соғди вилояти бўйича чегара хизматининг вакилларини учрашуви режалаштирилмоқда. Унда қирғиз фуқаросини қўлга олиниши қонунийлиги ва қирғиз томонга ўтказиб бериш масаласи қаралади.

Қирғиз ҳукумати 21-майдан бошлаб Қирғизистон фуқароларига қирғиз-тожик чегараси орқали кириб-чиқишга, чегара орқали ўтишга, ўлкада туришга ва транзит юришга вақтинча чеклов киритган. Бунга шу йилнинг 28-апрелдан 1-майгача давом этган «Тожикистоннинг ҳарбий агрессияси» сабаб бўлган. Тожикистон қирғиз фуқароларини кириб-чиқишига чеклов киритмаган.

Ўсмирнинг қўлга олиниши

Жорий йилнинг 23-сентябрида тожикистонликлар Ёшлик қишлоғи мактабининг икки ўқувчисини ушлаб, Тожикистон ҳудудига олиб кетишган. МХДҚнинг чегара хизмати ўқувчилар контрабанда юкини юклашга ёрдам бериб юрганда қўлга олинган деган маълумотлар тарқалган. Шунингдек, тожик томон «Мерседес-Бенц Спринтер» русумидаги машинани ҳам олиб кетган.

Воқеанинг эртасига, 24-сентябрда, президентнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили Абдикарим Алимбаев бошчилигидаги делегация Тожикистоннинг Соғди вилоятининг раҳбари Ражжабой Ахмадзода билан учрашган. Сўзлашувлар натижасида тожик томон ушлаб кетган икки ўқувчи бўшатилган.

Лайлак туман ички ишлар бошқармаси «Одам ўғирлаш» моддаси билан судгача текширувни бошлади.

Бундан ташқари, Алимбаев ва Ахмадзода Баткен туманининг Кўк-Тош қишлоғи билан Исфара туманининг Сомониён қишлоғининг турғунлари ўртасида чиққан жанжални ҳам муҳокама қилишган. Унда Тожикистоннинг 30га яқин ўқувчиси Кўк-Тош қишлоғидаги Шайдулла Ғани номидаги мактабнинг тўрт ўқувчисини калтаклаган.

Кўп ўтмай болаларнинг оталари ва қариндошлари икки тожик ўқувчисини ва ота-онасини калтаклашган. Баткен туман маъмурияти бу воқеадан кейин икки томондан 20-40 яқин турғун тўпланганини билдирган.

«Озоди» нашри Сомониён қишлоғининг турғунларига таяниб, «Кўктош қишлоғининг турғунлари мактабдан қайтган тожик болаларига тош отишганини» ёзди. Маълумотга кўра, «бир ёш бола ва катта ёшли киши ҳудудий касалхонага ётқизилган». Шунингдек, тожикистонликлар калтакланганини Исфара шаҳрининг маъмурияти ҳам тасдиқлаган.