Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг раис ўринбосари Таалатбек Масадиков Афғонистоннинг толиблар тайинлаган ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хан Муттаки билан учрашди. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматининг матбуот котиби Забихулла Мужахид твиттерда билдирди.
Учрашув 23-сентябрда Қобул шаҳрида ўтди. Унда Қирғизистон президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлимининг раҳбари Жээнбек Кулубаев ҳам бўлгани айтилди. Кейин Масадиков Афғонистонга президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан боргани маълум бўлди.
Президентнинг матбуот хизмати билдиришича, қирғиз делегацияси «Қобулга Қирғизистон халқи номидан Афғонистон халқига гуманитар ёрдам етказган».
«Гуманитар юк Афғонистоннинг янги тузилган ҳукуматининг премьер-министрининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи мулла Абдул Гани Барадарга расмий топширилди», — деб айтилади билдирувда.
Президентнинг сайтида Масадиков «Толибон» сиёсий қанотининг лидери, дала командири ва мулла Абдул Гани Барадар билан батафсил суҳбатлашгани ҳам айтилади.
«Томонлар Афғонистондаги сиёсий вазиятни муҳокама қилиб, Афғонистондаги ва бутун минтақадаги хавфсизлик масалалари бўйича фикр алмашишди», — деб билдиради қирғиз президентининг матбуот хизмати.
Қирғиз томоннинг маълумотига қараганда, Абдул Гани Барадар Жапаров ва Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдирган.
«У Афғонистоннинг эҳтиёжларини айтиб, халқаро жамоатчилик ваъда қилган гуманитар ёрдам келмаганини, Афғонистоннинг молия ҳисоблари ҳамон очилмаётганини таъкидлаган», — деб айтилади билдирувда.
Қирғизистон президентининг матбуот хизмати маълумотига кўра, Абдул Гани Барадар «Толиблар»га ўлкада тинчликни ўрнатиш ва аҳоли турмушини яхшилаш учун иқтисод билан шуғулланишни, қўшни давлатлар билан ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.
Қирғизистон Марказий Осиёда «Толиблар» тайинлаган ҳукумат билан шундай даражада учрашув ўтказган биринчи давлат бўлди.
*«Толибон» — радикал ислом ҳаракати, у Қирғизистонда тақиқланган ва террористик деб топилган.
Бунгача Қирғизистон президенти Садир Жапаров республика Афғонистоннинг «ички ишларига аралашмасликни» ва бу ўлка билан «дўстлик муносабатини қўллашни» маъқуллайди деб ишонтирган. Шунингдек, у «Афғонистондаги вазият тез орада барқарорлашиши» учун «янги ҳукумат вакиллари билан турли масалалар бўйича ҳамкорликнинг мумкин бўлган вариантлари ҳақида диалог олиб бориш зарурлигини» таъкидлаган.
«Биз Афғонистондаги вазият тез орада барқарорлашишга ва бу ўлканинг халқи қабул қилган давлат тузилишининг варианти билан янги инклюзив ҳукуматни шакллантиришга ишонамиз», — деб билдирган Садир Жапаров.
Толиблар ҳукуматни босиб олгандан кейин Афғонистон билан алоқани яхшилашга Ўзбекистон ҳам ҳаракат қилган. 14-сентябрда Ўзбекистон Афғонистонга озиқ-овқат ва кийим-кечак турида ёрдам юборган.
Шунингдек, Россия терроризм билан курашишда «Толибон»ни қўллашга тайёрлигини билдиргани маълум бўлди.