Вазир Бейшеналиев: Назгул Исакова вакцинадан эмас, коронавирусдан вафот этган

402

Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев 24 сентябрда «Биринчи радио»нинг эфирида қирғизистонлик Назгул Исакова COVID-19дан вафот этганини билдирди.

Бунгача марҳумнинг қариндошлари у коронавирусга қарши вакцинанинг салбий таъсири сабаб вафот этганини айтишган. Бейшеналиевнинг айтишича, экспертиза вакцина олгунча Исакова коронавирус билан оғриганини исботлаган.

«[Марҳум] оғир формада пневмония бўлган. У COVID-19дан вафот этган», — деб билдирди вазир.

Нима бўлган эди?

46 ёшдаги Назгул Исаковага Бишкекда Россиянинг «Спутник V» вакцинаси қилинган. Унинг қариндошларини айтишича, марҳум 19 июлда биринчи дозасини олгандан кейин тана ҳарорати кўтарилиб кетган.

«118 хизматига қўнғироқ қилдик. Онамни боши оғриб, тана ҳарорати кўтарилиб, бели оғриётганини айтдик. Бунгача вакцина олганини ҳам айтдик. Бизга бу нормал кўриниш эканини, паратсетамол ичиши керак дейишди. Дори ёрдам бермади. Яна бир марта қўнғироқ қилдик. Аспирин, ибупрофен, терафлю ичишни таклиф қилишди. Бироқ бу ёрдам бермади. Кейин тез ёрдамга қўнғироқ қилдик, бироқ у ердан эмлашдан кейин беморларни қабул қилишмаслигини айтишди», — деб билдиришган марҳумнинг яқинлари.

Исакованинг яқинларини айтишича, кейин улар беморни хусусий тиббий марказга олиб бориб, унга витамин қилдириб, қон босими бироз яхшиланган.

«Уйга қайтиб келгандан кейин аҳволи яна ёмонлашиб, Исанов кўчасидаги тез ёрдам станциясига олиб бордик. У ерда фельдшер кўриб, ҳаммаси жойида экан деди. Тана ҳарорати йўқ деб уйга юборишди. Кейин аҳволи оғирлашиб, танаси музлаб, ҳарорати тушиб кетди. Оёқлари кўкариб, қулоғи эшитмай, тили айланмай қолди», — деб билдиришган қариндошлари.

Кейин аёл Бишкек шаҳар ортопедия ва травматология илмий текшириш марказининг токсикология бўлимига етказилиб, 22 июлда ўша ерда вафот этган.

Ленин туман бирлашган оилавий тиббий маркази директори в.б. Чоро Сатаевнинг айтишича, марҳум вакцина олган вақтда саломатлиги яхши бўлган.

Ўлкада COVID-19га қарши эмланганлар орасида вафот этганлар йўқ

Бейшеналиевнинг айтишича, Қирғизистонда COVID-19га қарши эмланганлар орасида ўлим фактлари қайд этилмаган.

«Мен жамоатчиликка мурожаат қилмоқчиман, биз вакцина олгандагина COVID-19ни енгамиз», — деб таъкидлаган амалдор.

Қирғизистондаги эмлаш

Ҳозирда қирғизистонликлар учун вакцинанинг уч тури бор: Хитойнинг Sinopharm, Россиянинг Sputnik V ва англо-шведларнинг AstraZeneca вакциналари. Шунингдек, ўлкага гуманитар ёрдам асосида Қозоғистонинг QazVac вакцинаси келган.

Қолаверса, Қирғизистон уни рўйхатга олган, бироқ ҳозирча у билан фуқароларни эмлашни бошламаган.

Республика штабнинг маълумотига қараганда, COVID-19га қарши вакцинанинг икки дозасини олганлар сони 588 мингдан ошди. Биринчи дозани 792 мингдан ортиқ қирғизистонлик олган.

Қирғизистонда COVID-19 пандемияси бошлангандан бери касалликка чалинганларнинг умумий сони 178 123га етди. Пандемия бошлангандан бери коронавирус юқтирган 2 597 киши вафот этди.