Ўш вилоятининг Қорасув шаҳридаги «Оомат» бозорининг 100дан ортиқ сотувчиси 23-сентябрда туман маъмурияти олдига норозилик акциясига чиқишди. Бу ҳақда «Клооп»га президентнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакиллигининг матбуот котиби Эрмек Муратбек ўғли билдирди.
Сотувчилар нимадан норози?
«Оомат» бозорида савдо қилган тадбиркорлар бозорнинг янги эгаси беш йилга шартнома тузиш учун ҳар бир сотувчидан 5000 АҚШ доллари талаб қилаётганидан норози.
«Беш минг доллар 425 минг сом бўларкан. Бозорда амаллаб ишласак, болаларимизни боқсак, уни қаердан топамиз? Бир ой муддат беришди. Бозорни ким сотиб олганини билмаймиз. Олдин Мелис Мирзакматовга қарашли эди», — деди митингга чиққанларнинг бири.
Акцияга чиққан тадбиркорлар патентлари борлигини, тегишли солиқларни тўлашаётганини қўшимча қилишди. Улар ҳукуматдан вазиятга эътибор қаратишни сўрашди.
«Биз ер ҳақи учун 3 600 сом тўлардик. Бир ойда яна 1 100 сом қўшилиб, 4 700 сомдан тўлаяпмиз. Патент, соцфонд, свет учун ҳам тўлаймиз [...] Контейнердаги барча товарларимизни сотганда ҳам улар талаб қилган пул чиқмайди», — деб билдирди акцияга чиққанлар.
Норози бўлганларнинг айтишича, бозорнинг янги эгаси тадбиркорлар билан учрашмаган. Сотувчилар «Оомат»нинг янги эгаси кимлигини билишмайди.
Ҳукуматни тадбиркорларга берган жавоби
Президентнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакилининг матбуот котиби Эрмек Муратбек ўғли «Клооп»га норози бўлган тадбиркорлар билан Қорасув тумани ҳокими Турсунбек Ногоев учрашиб, талабларини эшитганини билдирди.
«Бу йиғинга бозорнинг янги етакчиси ҳам чақирилди. Маҳаллий ҳукумат муаммони эшитиб, икки томонга тушунтириш ишлари олиб борилгандан сўнг норозилик акцияси тўхтади. Мазкур бозор хусусий сектор бўлгани сабаб туман, давлат маъмурияти тадбиркорга чора кўролмайди», — деди у.
Муратбек ўғли норози томон куч тизимларига ариза билан мурожаат қилганини қўшимча қилди. Ҳозирда тергов амаллари бормоқда.
Қорасувдаги бозор Марказий Осиёдаги энг катта савдо ҳудудларининг бири. Қирғизистонда «Дордой» бозоридан кейин туради. Майдони 24 гектарни ташкил қилиб, 20дан ортиқ хусусий ва муниципал бозорлардан иборат.
Муаллиф: Найзабек Мукмбетов