Канат Исаев парламент сайловига бир мандатли округдан қатнашиш учун ариза берди

347
Канат Исаев

«Қирғизистон» партиясининг лидери, депутат Канат Исаев 18 сентябрда парламент сайловига қатнашиш ниятини билдириб, бир мандатли округдан номзодини кўрсатиш ҳақида Марказий сайлов комиссиясига ариза берди. Исаев сайловга №31 Чуй-Кемин сайлов округидан қатнашади.

Бир мандатли округлардан кимлар қатнашади?

Депутатларни бир мандатли тизим билан сайлаш учун Қирғизистон ҳудуди 36 округга бўлинди. Округларнинг тўққизи Ўш вилояти ва Ўш шаҳрига, еттиси Жалолобод вилоятига, олтиси Чуй вилоятига, тўрттаси Бишкек шаҳрига, Баткен ва Иссиқкўл вилоятларида учтадан, Талас ва Норин вилоятларида иккитадан берилган.

Сайловга бир мандатли округлардан қатнашадиган номзодлар 13 октябргача МСКга ариза бериши керак. Ҳозирда собиқ спикер Исаевдан ташқари бир мандатли округлардан яна 10 киши сайловга қатнашиш ниятини билдирган. Улар:

  • Акилбек Сариев — МСКнинг собиқ раиси, № 33 Норин сайлов округидан қатнашади;
  • Арсланбек Малиев — собиқ депутат, 2017 йили президентлик сайловида 0,1% овоз олган. №34 Жети-Ўгуз сайлов округидан;
  • Атамша Дурсунов — хусусий тадбиркор ва турк диаспорасининг президенти, 2020 йили натижаси бекор қилинган парламент сайловига «Биримдик» партиясининг рўйхатида бўлган. №30 Иссиқ ота сайлов округидан қатнашади
  • Санжар Ибраимов — №12 Олай сайлов округидан қатнашади;
  • Анаш Сейтказиев — жамоат арбоби ва собиқ депутат, №31 Чуй-Кемин сайлов округидан қатнашади;
  • Нурлан Танабаев — муфтий вазифасини бажарган собиқ ходим, №10 Куршаб сайлов округидан;
  • Байиш Курманов — Иссиқ ота туманининг собиқ ҳокими, №30 Иссиқота сайлов округидан;
  • Айбек Альтинбеков — «Республика — Ата-Журт» фракциясининг депутати, №15 Бозорқўрғон сайлов округидан қатнашади;
  • Актилек Нурланбеков — хусусий тадбиркор, №20 Ленин сайлов округидан;
  • Абдижалил Насиров — №3 Қадамжой сайлов округидан қатнашади;
  • Бакит Тўлўгўнов — миллий госпиталнинг клиник-диагностика ишлари бўйича бош шифокорнинг ўринбосари, №34 Жети-Ўгуз сайлов округидан қатнашади.

Қирғизистонда парламент сайлови 28 ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга мувофиқ аралаш тизим билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.

*«Очиқ рўйхат» ёки преференциявий сайлов тизимида сайловчи партияни ва унинг рўйхатидаги маълум бир номзодни танлаб олиш имконига эга бўлади. бу усул билан партия ва унинг рўйхатида энг кўп овоз олган номзод парламентга ўтади.

Исаев бошқарган «Қирғизистон» партияси ҳам парламент сайловига қатнашишини билдирган.

Исаев 2020 йилнинг 13 октябрда парламент раиси бўлиб сайланган. Сооронбай Жээнбеков президентликни топширгандан кейин давлат раҳбарининг ваколатлари Исаевга ўтиши керак эди, бироқ у бош тортган. Шу сабаб президентнинг вазифаларини ўша вақтдаги премьер-министр Садир Жапаровга берилган.

4 ноябрда Исаев раисликдан кетиб, президентлик сайловига қатнашишини билдирган. Шу йилнинг январь ойида ўтган президентлик сайловида Исаев 0,59% овоз олган.