«Унаа» ишхонасини бошқарган президентнинг қудаси хизматдан олинди

335
Турусбек Тумўнбаев

Министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов «Унаа» давлат ишхонасининг етакчиси Турусбек Тумўнбаевни ишдан бўшатди. Бу ҳақда минкабнинг матбуот хизмати 13-сентябрда маълум қилди.

Тумўнбаев «Унаа» ишхонаси 527 млн сомлик тендер сабаб текширила бошлагани сабаб ишдан бўшатилди — тендер транспорт воситаларини рўйхатга олиш гувоҳномаларининг бланкларини тайёрлаш учун эълон қилинган. Temirov Live’нинг журналистлари тендерни 518 млн сомга «Гознак» ишхонаси ютиб олганини, бу компаниянинг эса Тумўнбаев билан алоқаси борлигини аниқлаган.

Тумўнбаев бу хизматга 2020-йилнинг 21-октябрида тайинланган. У президент Садир Жапаровнинг опаси Акат Жапарованинг куёви.

Temirov Live’нинг текшируви

11-сентябрда, Temirov Live ютуб-каналининг журналисти Актилек Капаров «Унаа» эълон қилган тендерда ютиб олган «Гознак» компанияси муассасанинг етакчиси Турусбек Тумўнбаев билан алоқаси борлигини аниқлаган.

Журналистлар давлатнинг улуши бўлган «Гознак» компанияси ўзи эълон қилган 32 тендерни «Иштиктүү стратегия» компанияси ютиб олганини очиқлаган. Мазкур компаниянинг асосчиларидан бири 21 ёшдаги Айгерим Тогузбаева — у Тумўнбаевнинг қизи.

Бундан ташқари, Temirov Live саккиз компаниядан иборат «Континент» бирлашмасининг ичида тендерда ютган «Гознак» ва Тумўнбаев асосчилардан бири бўлган «Континет Плюс» компаниялари бор. Қизиғи, Тумўнбаевдан ташқари, «Континент Плюс»нинг асосчилари Олег Подобедов ва Наталья Давиденко — улар «Гознак»нинг асосчилари қатори кўрсатилган.

Шунингдек, журналистлар Тумўнбаевнинг қизига қарашли «Иштиктүү стратегия» ва «Континет Плюс»нинг манзили бир жойда бўлганини очиқлашган.

Журналист Капаров бу ерда «манфаатларнинг тўқнашуви очиқдан-очиқ кўриниб турганини» айтиб, мазкур тендер 1-сентябрда бекор қилинганини таъкидлади. Бунга «Унаа» билан «Гознак» ўртасидаги «келишмовчилик» сабаб бўлган.

Тендер комиссияси «техник талабларни қайта кўриб чиқиш билан» тендерни қайта эълон қилишга қарор қилди.

«Тумўнбаев “Унаа”нинг раҳбари сифатида ишни манфаатлар тўқнашувини тўхтатишдан бошлаши керак эди. Бироқ у бундай қилмади. Аксинча — у билан алоқаси бор компания у бошқарган давлат ишхонасининг ярим миллиард сомлик тендерини ютиб олган. Ҳа, тендер яқинда бекор қилинган, бироқ иккинчи марта эълон қилинган тендерни яна “Гознак” қўлга киритади деб ҳич ким кафолат беролмайди, сабаби у президентнинг қудаси. Ҳеч ким унга ҳеч нарса дейолмайди ёки дейдими?» — деб савол берди Актилек Капаров.