«Бутун Кыргызстан» партиясининг аъзоси Орозайим Нарматованинг отаси Кўчкўнбай Нарматов «Азаттык»қа интервью бериб, 10-сентябрда унинг Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги уйини милиция ходимлари тинтув қилганини айтди. Шу куни куч органлари Нарматовани Ўш халқаро аэропортидан ушалб, Бишкекка сўроққа етказишган.
«Милициялар келиб “юқоридан буйруқ келди, ака хафа бўлманг” деб тинтув қилишди. Шкафларни ҳаммасини очиб, ҳужжатларни сочиб, ҳаммасини тўнтарди. Биз ётган хонагача кириб, кийимларимизни сочишди. Кейин бошқа хонага кириб тўшакларни оғдарди», — деди Нарматов.
Нарматовнинг айтишича, уйга келган милиция ходимлари унинг қизи Орозайим «тўнтарилишга тайёрланиб, ташвиқот қоғозларини ясаса керак» деган сабаб билан тинтув ўтказган.
«Мен айтдим уларга “укалар, унақа йўқ, у Москвада яшайди” дедим. [Бир ой олдин] акасининг жасадини олиб келди, шуни дафн қилиб кетаётганди. У террорист бўлмаса, босмачи бўлмаса. Булар ўзимизни ҳужжатлар, “биз шундайни [тўнтаришга чақирган қоғозларни] шу ерда сақлармидик?” дедим», — деди у.
Шунингдек, Нарматов бир йил олдин аёлидан, бир ой олдин ёлғиз ўғлидан айрилганини билдириб, бу ота учун жуда оғирлигини айтди. Нарматов унинг қизи «ҳақиқатни айтгани сабаб ҳукуматга ёқмай қолди» деган фикрда. Бундан ташқари, у яқин орада шифокорлар Орозайимнинг «умуртқаси қийшайиб қолганини, агар даволанмаса ногирон бўлиб қолишини» аниқлаганини қўшимча қилди.
Милиция Нарматовани қўлга олгани куни унинг отаси ҳукумат вакилларига мурожаат қилиб, агар милиция қизини бўшатмаса «Ўзган тумани ҳокимлигига бориб, ўзини ёқишга тайёрлигини» таъкидлади.
Бунгача Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси етакчисининг ўринбосари Абилбек Алимкулов сиёсатчининг Ўзгандаги уйида тинтув ўтказилганини тасдиқлаган. Алимкуловнинг айтишича, тинтув Бишкекнинг Биринчи май туман суди чиқарган қарор асосида олиб борилган.
Фаолнинг қўлга олиниши
Орозайим Нарматова 10-сентябрда Ўш халқаро аэропортида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан қўлга олиниб, кейин Бишкекка олиб кетишгани ҳақида хабар қилинган. Нарматова Ўшга акасининг жасадини олиб келиб, дафн қилгандан сўнг яна Россияга қайтаётганда ушланган.
Бу жамоатчиликда кескин норозилик юратиб, бир қанча депутатлар, сиёсатчилар Нарматовани қўллаб чиқишди. Ўш ВИИБ ва ИИВ биноси олдида фаол қўллаб чиққанлар митингларни ўтказишди.
Аввалига ИИВ Нарматовани очиқ ҳукуматни танқид қилгани учун қўлга олинди деб билдирди. Унга «Миллатлар аро, ирқий, этнос, диний томондан низони қўзғатиш» моддаси билан айб қўйилган эди.
Жамоатчиликдаги норозиликлардан кейин вазирлик «Нарматова ишда гувоҳ қатори ўтмоқда» деб позициясини ўзгартирди.
Шу куни кечда Нарматова ўзининг фейсбукдаги саҳифасида пост ёзиб, «бари яхши» эканини айтиб, тонгга яқин яна Москва шаҳрига учиб кетишини айтди. Шунингдек, фаол тергов ишларини очиқламаслик бўйича қўл қўйганини ва тушунтириш ишлари олиб борилганини таъкидлаган.