«Ҳукуматга обрў олиб келмайди». Депутатлар Орозайим Нарматованинг қўлга олинишини кескин танқид қилди

218
Жанар Акаев / Наталья Никитенко / Дастан Бекешев / Аида Касималиева

Жогорку Кенешнинг депутатлари «Бутун Кыргызстан» партиясининг аъзоси  Орозайим Нарматовани қўлга олинишини кескин танқид қилишди. Нарматова 10-сентябрда эрталаб Ўш аэропортидан Москвага учаётганда қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлиги фаол қиз ҳукуматни танқид қилгани учун ушланганини тасдиқлади — унга нисбатан «Ирқий, этник, миллатчилик, диний ёки ҳудудлар ўртасидаги низони (аразлашувни) қўзғатиш» моддаси билан судгача текширув иши очилгани маълум бўлди. Милиционерлар Нарматовани Бишкекка олиб кетгани маълум қилинди.

«Собиқ президентларнинг хатоларини такрорлашмоқда»

Жогорку Кенеш депутати Наталья Никитенко фейсбукда «ҳукумат Нарматовани ушлаб, аввалги давлат раҳбарларини хатоларини такрорламоқда» деган фикрни ёзди. Унинг айтишича, Нарматовани қўлга олиниши «Туран» партиясининг лидери Жениш Молдокматовнинг ва бошқа қўлга олинган фаолларнинг воқеаси билан бир қаторда туради.

*Мухолифатчи сиёсатчи Жениш Молдокматовга 5-6-октябрдаги воқеалар бўйича олти модда билан айб қўйилган. У ҳам президент Садир Жапаровнинг ҳукуматини танқид қилган.

«Халқнинг 80 фоизининг қўлловига эгамиз деган ҳукумат ёш қиздан, ёш фаолдан, кўзи яхши кўрмаган депутатдан ва аёллардан қўрқмаслиги керак!» — деб ёзди Никитенко.

Шунингдек халқ вакили «ҳукумат бунгача берган ваъдаларини бажаролмай, халқнинг қўлловини йўқотаётганини» тушуна бошлаганини айтди. Никитенко жиноятнинг сони ўтган йилга нисбатан бир ярим марта ошганини билдириб, ваъдаланган қонунийлик ўрнатилмаганини билдирди.

«Ваъдаланган эркинликлар ва демократия қаерда? Биз бунгача айтилгандай Туркманистонга айланяпмиз. ИИВнинг Нарматовага нисбатан қўйилган айбловларини ўқиб кўринглар. “У бир неча марта ҳукуматни танқид қилган!” кейин? Сиёсатчи танқидни эшитиб, ўзининг ҳақлигини қамашлар билан эмас, иш билан исботлаш керак», — деб ёзди у.

«Орозайимни ушлаб кетиш — уят»

Парламентнинг вице-спикери Аида Касималиева Нарматовани қўлга олинишини «ноқонуний» ва унга қўйилаётган айб «асоссиз» деб билдирди.

«Орозайимни ушлаб кетиш — уят ва ҳукуматнинг обрўсини тушириб юборади. Орозайим — келажакдаги муваффақияли сиёсатчи, ўзининг позицияси бор. Шундай одамлар сиёсатда бўлиши керак ва парламентга келиши керак», — деди Касималиева.

Депутат Дастан Бекешев Нарматовани фейсбукда ёзган постлари учун «жуда хавфли жиноятчи қатори тергов изоляторига қамашмоқчи» деб билдирди. Шунингдек, Бекешев 2012-йилнинг 3-октябридаги* воқеаларга алоқаси борлар бугунги кунда оқланганини эслатиб ўтди.

«Бироқ ҳукумат бу билан тўхтамайди, бундай қўлга олишлар давом этишини айтишмоқда. 28-ноябрга [парламент сайловига] ўзининг номзодлари ва партиялари учун майдонни тозалашмоқда», — деди Бекешев.

*Унда ўша вақтдаги «Ата-Журт»нинг депутатлари Садир Жапаров, Камчибек Ташиев ва Талант Мамитов тарафдорлари билан Оқ уйнинг олдида митинг уюштиришган. Сиёсатчилар Қумтўр конини миллийлаштириш талабини қўйишган. Ташиев тарафдорлари билан Оқ уйнинг тўсиғидан ошиб тушиб, бироқ кўп ўтмай милиция уларни суриб чиққан. Бош прокуратура сиёсатчиларга «Куч билан ҳукуматни босиб олиш» ва «Конституциявий тизимни куч билан ўзгартиришларни халқ олдида айтиш» моддалари билан айблаган. 2020-йилдаги тўнтарилишдан кейин Олий суд Жапаров, Ташиев ва Мамитовни оқлаган.

Чегарадан чиққан иш

Жогорку Кенеш депутати Жанар Акаев фейсбук саҳифасида Нарматовани қўлга олинишини «чегарадан чиққан иш» эканини билдирди. Акаевнинг айтишича, Нарматова ёлғиз акасини йўқотгандан кейин уни аэропортдан куч билан ушлаб кетиш «ҳеч бир одатга, одамгарчиликка тўғри келмайдиган кўриниш».

«У хавфли жиноятчи эмас. Орозайим ёш бўлишига қарамай қайси ҳукумат бўлмасин ўз фикрини эркин айтиб, позициядан тоймаган довюрак фуқаро. Қирғизистонда миллионлаган коррупция ишларида гумонланганлар эркин юрганда фаолни "ярим тунда" аэропортда куч билан қўлга олиниши ҳуқуқ тартибот органларига, ҳукуматга обрў олиб келмайди», — деб ёзди Акаев.

Шунингдек, депутат куч органларидан тез орада тушунтириш беришини ва Орозайим Нарматовани бўшатишни талаб қилди.

Орозайим Нарматовани қўлга олиниши

Орозайим Нарматова

Орозайим Нарматова 10-сентябрда Ўш халқаро аэропортида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан қўлга олиниб, кейин Бишкекка олиб кетишгани ҳақида хабар қилинган. Нарматова Ўшга акасининг жасадини олиб келиб, дафн қилгандан сўнг яна Россияга қайтаётганда ушланган.

Орозайим Нарматова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳукуматнинг ҳаракатини фаол танқид қилади. 2020-йили ўтган парламент сайловига мухолифатнинг «Бутун Кыргызстан» партияси билан келган.

Унгача амалдаги президент Садир Жапаров тузган «Мекенчил» партиясининг тенг ҳуқуқли раисаси бўлган. Нарматова «Клооп»га берган интервьюсида унинг партиядан чиқиб кетишига бошқа аъзолар ўша вақтда президентликка номзод бўлган Сооронбай Жээнбековни қўллагани сабаб бўлганини айтган.

Шу йилнинг 8-июлида МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев «президент ва хизматдаги одамларни танқид қилганлар» жавобгарликка тортилишини билдирган. Ташиевнинг айтишича, ҳозирда жамоатчиликда «радикаллаштириш» бўлиб, давлат тўнтарилишига «ундаганлар» ҳам бор — МХДҚ уларнинг ҳаммасини «рўйхатга олмоқда» деган Ташиев.

«Ҳозир ўлкада ва чет давлатдагиларнинг ҳар бири ёзилиб, ҳар бирингизни рўйхатга оляпмиз. Ҳозир чет ўлкадагиларни бу ерга олиб келиш бўйича бошқа давлатлар билан шартнома тузилмоқда. Шу сабаб ҳурматли фуқаролар, тўхтатинглар! Жамиятни радикаллаштиришни, тўнтарилиш чиқаришни кераги йўқ. Бунинг оқибати аянчли бўлиши мумкин», — деб огоҳлантирди у.

Бироқ Ташиевнинг бу билдируви ижтимоий тармоқларда кескин танқид қилиниб, юристлар «давлат раҳбари номига айтилган негатив билдирувларни таҳлил қилиш МХДҚнинг иши эмас» дейишган.