МХДҚ: Оқбурани ободонлантириш лойиҳаси бўйича судгача тергов бошланди

190
Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш шаҳридаги Оқбура сойи қирғоғини кўкаламзорлаштириш лойиҳаси бўйича «Лавозимдан фойдаланиш» моддаси билан судгача текширувни бошлади.

Маълумотга кўра, жиноий иш кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича эълон қилинган тендерга боғлиқ қўзғалган. Бироқ махсус хизматдан гумондорлар ҳақида қўшимча маълумотни «терговнинг махфийлиги» сабаб беришдан бош тортишди.

«Ҳозирда тегишли тергов ишлари бормоқда», — деб билдиришди МХДҚдан.

Оқбурани кўкаламзорлаштириш лойиҳаси

Ўш шаҳрини Таалайбек Сарибашов бошқарганда Оқбура четини таъмирлаш лойиҳасини таклиф қилган. 2020-йилнинг бошида пандемияга қарамай мэрия дарё четини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун 1 млн 200 минг сом маблағ ажратган.

Лойиҳага кўра, Нурматов кўчасидан Курманжан-Датка кичик туманигача (аввалги Юго-Восток) 5,4 чақирим дарёнинг четини кўкаламзорлаштириш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 252 млн сом ажратилади — унинг 60 млни 2020-йили коронавирус пандемиясига қарамай ажратилган. Шаҳардаги чекловлар сабаб тўққиз ойда Ўш шаҳрининг бюджетига 102 млн сом тушмаган.

Таалайбек Сарибашов ишдан кетгандан кейин янги сайланган мэр Алмаз Мамбетов Оқбурани кўкаламзорлаштириш ишлари давом этишини билдирган. Жамоатчиликда мазкур лойиҳани Сарибашов «ўз номини қолдириш учун таклиф қилган» деб айтишади.

Оқбура дарёсини кўкаламзорлаштириш бўйича тендерни «Капитал Курулуш» компанияси ютиб олган. «Кактус» нашрининг журналистлари «Капитал Курулуш»нинг асосчиларидан бири Айбек Осмонов билан алоқаси борлигини аниқлашган.

Айбек Осмонов шу йилнинг март ойидан бошлаб депутатлик мандатига эга бўлган. у «Мекеним Кыргызстан», «Ыйман Нуру» ва Ўш шаҳар кенгашига ўтган «Биздин Кыргызстан» партиясининг асосчиси. Ўтган йилдаги парламент сайлови олдидан «Мекеним Кыргызстан» партияси Матраимовларнинг оила аъзоларига ўтган.

*Осмонов Матраимовлар кўрсатган «босим» сабаб «Мекеним Кыргызстан» ва «Ыйман Нуру» партияларининг рўйхатидан чиқишга мажбур бўлгани айтилган.

Шунингдек депутатнинг туғишгани Нурбек Осмонов «Каганат Инвест» холдингига эгалик қилади — унинг ичида «Ихлас» («Кыргыз Каганат») қурилиш компанияси, Ўшдаги электромобил чиқариш «Кыргыз унаа курулуш» ва «Кыргыз Текстиль ЛТД» бор.