Қизилқиянинг марказий бозорида ёнғин чиқди, жабрланганлар йўқ

363

Баткен вилоятининг Қизилқия шаҳрининг марказий бозорида 9-сентябрга ўтар кечаси ёнғин содир бўлди. Фавқулодда ҳолатлар вазирлигидан ёнғин оқибатида тахминан 2500 кв метр майдон куйганини, жабрланганлар йўқлигини маълум қилишди.

Тилсиз ёв кечки соат 21:00 атрофида бошланган. У билан курашишга вазирликнинг беш ёнғинни ўчириш машинаси ва 18 қутқарувчи жалб қилиниб, соат 5:35да тўлиқ ўчирилган.

Ижтимоий тармоқларга жойланган видеода ўнлаган савдогарлар товарларини сақлаб қолишга ҳаракат қилишганини, қисман куйган маҳсулотлар ерда ётганини кўриш мумкин.

Шунингдек, ёнғин бозордаги дўконларга ҳам ўтган — видео муаллифларининг бирини айтишича, 20га яқин дўкон ёниб кетган.

Ҳозирда ёнғин сабаблари аниқланмоқда. Воқеага гувоҳ бўлган маҳаллий турғунларнинг бири «Клооп»га ёнғин «қисқа туташув» ёки савдо маркази ичидаги пайвандлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб чиққани тахмин қилишмоқда. Унинг айтишича, 8-сентябрда электр станцияларининг бирида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, шаҳарнинг ярмида электр энергияси бўлмаган.

Шу йилнинг 30-августига ўтар кечаси Баткен шаҳрида бозорнинг ёнидаги беш дўкон ва тикувчилик цехи ёнган. Ўт етти соатдан кейин ўчирилган.