ФҲВ: Кемин туманида 40 гектарга яқин тўқайда ёнғин чиқди

347

Чуй вилоятининг Кемин туманига қарашли Кўк-Жар ва Борду боғларидаги қарағай, арчалари 7-сентябрь куни кечда ёниб кетди. Ёнғин тарқалган ҳудуднинг умумий майдони 40 гектарни ташкил қилади.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг маълумотига кўра, аввал Кўк-Жар ўрмонида қуриган ўсимликлар ёнаётгани ҳақида маълумот тушган. Воқеа жойига Кемин туман №5 ЁҚБдан 28 қутқарувчи, ўрмон хўжалиги хизматидан 25 ходим ва маҳаллий турғунлардан 40 одам жалб қилинган.

Ёнғин билан курашиш 8-сентябрда ҳам давом этиб, тонгги соат 6:30да ЁҚБдан яна 50 ходим, 30 қутқарувчи, 100га яқин маҳаллий турғун, Экология ва иқлим бўйича давлат қўмитасидан 80 ходим ва ўрмон хўжалиги агентлигидан 20 ходим ёнғинни ўчиришга сафарбар қилинди.

Кейинчалик ФҲВдан ёнғин «одамларнинг эътиборсизлиги ва бефарқлигидан содир бўлган» деб билдиришди. Муассасадан ўрмон шароити оғир бўлгани учун «бу ҳудудда ёнғин билан курашиш катта меҳнат талаб қилади» деб билдиришди.

«Қутқарувчилар ўнлаб чақиримни пиёда босиб ўтмоқда. Қурғоқчилик сабаб ўрмонлардаги ва тоғ бағридаги ўсимликлар қуриб, ёнғин содир бўлиш хавфи юқори. Бундай шароитда ёнғин хавфсизлигини сақлаб, табиий офатларни олдини олишга ҳаракат қилишингизни сўраймиз», — деб билдиришти ФҲВдан.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати қўшимча маълумот берилишини таъкидлади.

Муаллиф: Дилде Шатанова