Чингиз Абдираевнинг ўлими: Ҳайдовчига ўқ отган милиция ходими ишдан бўшатилди

177
Иллюстратив сурат

Бишкекда ҳайдовчини отиб ўлдирган патрул милиционер, сержант «Д.Ж.» ички ишлар органидан батамом ҳайдалди. Бунга милиционернинг «ўқ отувчи қуролдан фойдаланиш қоидасини сақламаслиги ва ички ишлар органларининг регламентини тегишли даражада билмаслиги» сабаб бўлган.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, Чингиз Абдираевнинг ўлими бўйича хизмат текшируви бўлиб, натижада умумий 22 ходим жазоланди.

«Бир ходим ички ишлар органидан бутунлай кетди, тўққиз ходим ишдан бўшатилди, 12 ходим тартиб жазосига тортилди», — деди ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиев.

Абдираевга ўқ отган сержант «Д.Ж.», шунингдек Бишкек ШИИББнинг Патрул милиция бўлими полкининг рота командири ўринбосари «А.Н.», полкнинг 2-ротаси 3-взводининг кичик нозирлари «Б.Э.» ва «Б.А.» МХДҚнинг тергов қамоғида сақланмоқда.

Воқеа қандай бўлган?

Бишкек шаҳрининг Жибек-Жолу — Гоголь кўчаларининг кесилишида 27-августда патрул милициясининг ходими 32 ёшдаги Чингиз Абдираевга ўқ отилиб, у касалхонага етмай ҳалок бўлган.

Милициянинг маълумотига кўра, дастлаб патруль милициясининг ходимлари қарама-қарши томонда келаётган Toyota RAV4 русумидаги машинани тўхтатишган. Йўл қоидасини бузиш ҳақида далолатнома тузилаётганда ҳайдовчи кетиб қолиб, кейин яна нозир билан келишолмай қолган. Шу вақтда нозир қуролини олиб ҳайдовчининг кўкрагига отган.

Шу куни Бишкек ШИИББи «ўқ тасодифан отилганини, ҳайдовчи эса провокацияга берилган» деб билдирган.

Воқеа бўлган куни кечда марҳумнинг дўстлари видео мурожаат билан чиқиб, ҳайдовчи «инспекторларга қаршилик кўрсатмаганини» ва «милиционернинг қуролини тортиб олишга ҳаракат қилмаганини» билдиришди. Шунингдек, улар марҳумнинг онаси ёлғиз боласидан айрилганини таъкидлашган.

Кейинчалик марҳумнинг севган қизи ҳам жамоатчиликка мурожаат қилган. У йигитини айбламасликни сўраган. Унинг айтишича, воқеа унинг кўз олдида бўлган. марҳум билан инспектор айтишиб кетгандан кейин милиция ходими унга ўқ отганини айтган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Ваколатдан фойдаланиш» моддаси билан судгача текширувни бошлаган. Абдираевнинг жасади 29-августда дафн қилинган.