Ўш ВИИБининг биносида сўроқ вақтида вафот этган 26 ёшдаги Мухаммед Канибек ўғлининг яқинлари Ўш шаҳрида матбуот анжумани ўтказишди. Улар «марҳумнинг ўлими сабабини ўзгатириш» ҳаракати бўлаётганини айтиб, президент Садир Жапаровга, МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиевга ва бош прокурор Курманкул Зулушевга мурожаат қилишган.
Марҳумнинг жияни Арсланбек Ташов суд текширувини терговчилар атайлаб чўзмоқда деган фикрда. Унинг айтишича, комиссия экспертлари гуруҳи Канибек ўғли «шафқатсизларча ўлдирилганини» тасдиқлаган. Бироқ терговчилар ҳозирда бу хулосани «юрак ҳуружидан ҳалок бўлди деган ўзгартириш киритишга ҳаракат қилишмоқда».
«Биз терговга ишончсизлик билдириб, жамоатчиликдан ёрдам сўраб келдик. Боламиз ўлиб қолганига қарамай, экстремизда, қароқчиликда ва бошқа нарсаларда айблашмоқда. Суд мажлисида болани ким ўлдирган деган текширув бўлмай, “бу бола ким бўлган”, “қандай бўлган” деб текширишмоқда. Шу тўғрими?» — деб сўради Ташов.
Бундан ташқари, Ташов уларга номаълум қишилар томонидан «таҳдидлар» бўлаётганини айтди. Бироқ ҳақиқат учун «охиригача курашамиз» дейди у.
«Эшикни остига турли қоғозларни ташлаб кетиб, нотаниш одамлардан ҳар хил гапларни айттиришмоқда. Бироқ биз қўрқмаймиз. Чиндан ҳам бунгача 6 милиционернинг яқинлари бизни олдимизга келиб “ўзаро келишиб, ҳал қилиб олайлик” дейишди, бироқ нимагадир келишолмадик», — деди Ташов.
«Қирғизистонда ҳақиқат эгилиб, ёлғон жилмайиб тураверади»
«“Қарға қарғани кўзини чуқимайди” деб, прокуратура ва судьялар билан милиция ходимларининг ҳаммаси келишиб олишган бўлса, унда Қирғизистонда ҳақиқат эгилиб, ёлғон жилмайиб тураверади. Қачонгача шундай юрамиз?» — деди Канибек ўғлининг бувиси Тажикан Жапарова.
Бундан ташқари, Жапарова «холис ва адолатли текширув бўлишига ишонмай қолдик» деди. Сабаби гувоҳлар ҳам милиционер бўлгани учун улар ҳамкасблари фойдасига кўрсатма беришаётганини айтди.
«“Бўлар иш бўлди” деб, биз сабр билан адолатли текширувни кутганмиз. Бироқ охирги суд мажлисида набирамни экстремизмда айблаб, “милицияга қаршилик кўрсатиб, қуролдан фойдаланди” дейишмоқда. Биз бунга ишонмаймиз», — дейди бувиси.
Марҳумнинг бобосининг айтишича, экспертизанинг «шафқатсизларча ўлдирилган» деган хулосасини бекор қилиш ҳаракатига мансабдор ўахслар аралашмоқда.
«Қолаверса, судьяларгача аралашяпти. Жапаровдан, Ташиевдан илтимос қиламан, адолатли қарор чиқишига ёрдам беринглар. Адолатли қарор чиқмаса халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилишга мажбур бўламан», — дейди қария.
Ўш вилоят судининг матбуот хизматидан «Клооп» марҳумнинг яқинларини айбловлари бўйича изоҳ беришмади. Фақатгина навбатдаги суд мажлиси 7-сентябрга белгиланганини маълум қилишди.
«Айбланувчилар ҳозирда МХДҚнинг тергов қамоғида. Бу ишда гувоҳлар жуда кўп бўлгани сабаб аввалги гувоҳлар сўроқ қилинди. Айбланувчилар сўроқ қилинмади. Суд текшируви давом этмоқда», — дейишди Ўш вилоят судидан.
Канибек ўғлининг ўлими
Марҳум Мухаммед Канибек ўғли 15-октябрда Қизилқия шаҳридаги «Айбек» бозоридан Ўш ВИИБининг ходимлари томонидан қароқчиликда гумон қилиниб қўлга олиниб, вилоят милициясининг биносига олиб келишган. Канибек ўғлини қўлга олингани бўйича милиция томонидан яқинларига хабар қилинмаган.
Уни қўлга олинишига 5-октябрида Ўш шаҳрининг 21 ёшдаги яшовчиси уни номаълум кишилар тўнаб, 4 млн 230 минг сом пулини ва машинасини тортиб олишгани ҳақида милицияга ариза билан мурожаат қилгани сабаб бўлган.
Икки кундан кейин марҳумнинг жасадини қариндошлари ўзлари Ўш шаҳридаги ўликхонадан топишган. Унинг танамида кўкарган доғларни кўрган қариндошлари Канибек ўғлини «милиционерлар ваҳшийларча қийнаган» деб тахмин қилишган. Шу сабаб улар матбуот анжумани ўтказиб, ишни адолат билан тергов қилиш учун МХДҚнинг бошчиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилишган.
Бу орада милиция Канибек ўғли Ўш ВИИБининг биносига сўроққа келган вақтда «юрак ҳуружидан ўлди» деган маълумот тарқатган. Шунингдек, воқеа бўйича суд-тиббий экспертиза тайинланиб, жараённи МХДҚ назоратга олганини билдирган.
20-октябрда Ўш ВИИБнинг 6 ходими ишдан бўшатилган. Улар — Ўш ВИИБнинг Криминал милицияхизматининг вояга етмаганлар орасидаги жиноятларни фош қилиш бўлимининг бошчиси ва тўрт опер ходим.
Шунингдек, ИИВнинг ички текширув хизмати олиб борган текширув натижасида ишдан бўшатилганлар вазифасини бажаришда «хатога йўл қўйилгани» аниқланган.
Бундан ташқари, Криминал милиция хизматининг муҳим ишлар бўйича мухтор вакилига ҳам «огоҳлантириш» берилган.
Кейинчалик МХДҚ олти ходимни «қийноқда» гумон қилиб қўлга олганини билдирган. Бу орада милиционерларнинг яқинлари МХДҚнинг вилоят ва шаҳардаги бошқармасининг олдига митингга чиқиб, уларни бўшатишни талаб қилишган.