Ўш: «Ата-Журт Кыргызстан»дан номзод бўлган Сонунбек Жунусбаев вице-мэр бўлди

342
Сонунбек Жунусбаев

11-июлда ўтган Ўш шаҳар кенгашига сайловга «Ата-Журт Кыргызстан» партиясига бошчилик қилиб борган Сонунбек Жунусбаев уч ойлик синов муддати билан вице-мэр бўлиб тайинланди. Буйруққа мэр Алмаз Мамбетов 6-сентябрда қўл қўйди.

Мэриянинг матбуот хизмати билдиришича, янги вице-мэр энди шаҳарнинг коммунал хўжалиги ва транспорт тармоғини бошқаради.

«Биримдик»дан «Ата-Журт Кыргызстан»га хатлаган Жунусбаев

Жунусбаев сайловгача мэрияга қарашли «Сулайман-Тоо» муниципал ҳудудий бошқармасини бошқарган. Қайта сайловда биринчи қаторда боргани билан мандат олмаган.

Мэрияда ишлаган вақтда у маҳаллий кенгаш сайловига бир неча марта қатнашган. Олдин пандемия сабаб ўтмай қолган Ўш шаҳар кенгашига сайловда ҳукуматники дейилган «Биримдик» партиясидан номзод бўлган.

4-октябрдаги парламент сайлови олдидан Жунусбаев бошқа муниципал ходимлар билан бирга «Биримдик»нинг штабида юрган.

11-апрелда ўтиб натижаси бекор қилинган сайловда партиясини алмаштириб, «Ата-Журт Кыргызстан» билан қатнашган.

«Ата-Журт Кыргызстан» ҳам жамоатчиликда ҳукуматники деб аталади — уни МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга боғлашади. Шунингдек, Ўш шаҳар кенгашига отланган бу партия таркибининг кўп қисмини муниципал ходимлар ва етакчилар тузади.

Жунусбаев парламент сайловида ҳам, маҳаллий сайловда ҳам мэриянинг олдтдаги №5278 сайлов участкасида кўп кузатилади. Мазкур участкада ҳар бир сайловда сайловчиларни рўйхатдан белгилаш, уларга белгиланган ниқоб тарқатиш каби қонунбузарликлар кўп аниқланади.

«Клооп»нинг журналистлари 11-июлда ўтган қайта сайловда шу участкада Жунусбаев алоқадор бўлиши мумкин деган шубҳали кўринишга гувоҳ бўлишган.

Унда Жунусбаев эгалик қилган «Ак-Кызмат» жамоат бирлашмасидан кузатувчи эканини айтган қиз участокка кириб-чиқиб, машинада сайловчиларга пул тарқатган кишилар билан алоқада бўлган. Қиз ҳам, пул тарқатишга гумонланган одамлар ҳам журналистнинг саволларини жавобсиз қолдиришган. Жунусбаев эса воқеа бўйича изоҳ бермаган. Кейинчалик мазкур жамоат бирлашмаси Ўш мэриясининг манзилига рўйхатга олингани маълум бўлди.

Мақола чиққандан кейин Ўш ШИИБ мазкур факт бўйича судгача текширув бошлаганини айтиб, воқеага гувоҳ бўлган «Клооп»нинг тасвирчисини сўроқ қилган. Бироқ милиция ҳамон ишнинг юриши бўйича маълумот бермаган.