ЙХҲТБ: Қирғизистонда йил бошидан бери йўл ҳалокатидан 497 киши вафот этди

407

2021-йилнинг бошидан бери 497 одам йўл ҳалокатининг қурбони бўлди. Бу ҳақда 2-сентябрда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасининг (ЙҲХТББ) бошчиси Азамат Исраилов йўл хавфсизлигига бағишланган давра суҳбатида билдирди.

Унинг айтишича, жорий йил бошидан бери 4 минг 637 автоҳалокат рўйхатга олиниб, 6900 одам жароҳатланган.

«Йўл ҳалокатлари ҳалок бўлганлар билан жароҳатланганларнинг сони бўйича ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан кўпайгани сезилмоқда. Ҳалокатларнинг 95% одам факторидан бўлади, аниқроғи ҳайдовчилар йўл қоидаларини бузади ёки билишмайди. Таъкидлаб ўтсак, уларнинг кўпи йўлда юриш маданиятига амал қилмайди», — деди у.

Исраиловнинг маълумотига қараганда йил бошидан бери 524 минг йўл қоидасини бузиш факти қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 77%га юқори.

Бунгача йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасидан «Азаттык»қа Қирғизистондаги йўл ҳалокатларининг биринчи ва асосий сабаби маст ҳолда машина бошқариш эканини айтишган. Иккинчиси — машинани катта тезликда ҳайдаш бўлса, учинчиси — ҳайдовчиларнинг тегишли квалификацияси ва тажрибасининг йўқлиги.

Шунингдек, ЙҲХТББнинг маълумотига кўра, ҳалокатларнинг асосий сабаблари орасида машиналар орасидаги масофани сақланмаслиги ва ҳайдовчиларнинг чарчаган ҳолда машина бошқаргани ҳам бор.

Ўлимга олиб келган йўл ҳалокатлари

Охирги бир неча ойда Бишкек шаҳрида, Чуй ва Иссиқкўл вилоятининг йўлларида одам ўлимига олиб келган бир неча йирик йўл ҳалокатлари содир бўлган.

Шу сабаб президент Садир Жапаров 14-июнда ИИВнинг бошчиси Уланбек Ниязбековга йўл-транспорт ҳалокатларини олдини олиш бўйича ишлар комплексини кучайтиришни топширган.

Кейин Ниязбеков йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасининг ишини танқид қилган. У ходимларга уч сменда ишлашни топшириб, агар қисқа муддатда натижа кўрсатмаса, етакчилик «ишдан кетиши кераклигини» айтган.