Бекешев Бош прокуратурадан фаолларни яширин тинглаш иши бўйича тўлиқ маълумот талаб қилди

354

Депутат Дастан Бекешев Биринчи май туман судидан ИИВнинг тергов хизмати раҳбари Жумабаевнинг тинглаш бўйича қарорининг нусхасини талаб қилди. Бу ҳақда депутат фейсбукдаги саҳифасига ёзди.

Бундан ташқари, депутат суддан тинглашга рухсат берганда қўшиб қўйилган ишнинг бошқа материалларининг нусхасини ҳам беришни талаб қилди.

«Шу билан бирга бош прокуратурадан жиноий ишнинг материалларини ва менга қўзғалган жиноий иш бўйича тўлиқ маълумотни, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича судга шикоят қилиш учун менинг телефон сўзлашувларимни тинглаш муддати ҳақидаги маълумотни беришни талаб қилдим», — деб билдирди Бекешев

Депутатнинг сўровлари. Сурат: Дастан Бекешевнинг фейсбук саҳифасида.

Яширин тинглов

ИИВ 100га яқин одамни, уларнинг орасида фаоллар ва сиёсатчиларнинг телефон сўзлашувларини тинглагани ҳақида 31-августда «Реформа» партиясининг лидери Клара Сооронкулова айтган.

Сооронкулованинг айтишича, Биринчи май туман судининг тергов судьяси Чингиз Бердимуратов 2021-йилнинг 6-январида «100га яқин одамнинг телефон сўзлашувларни тинглашга санкция берган» қарор чиқарган.

«Суд актига ИИВнинг тергов хизматининг бошчиси А. Жумабаевнинг қарори асос бўлган. Унда Жумабаев судьядан номи айтилган одамларга нисбатан 2020-йилнинг 5-октябрь воқеалари сабаб, аниқроғи “Оқ уйни” штурмга олиш ва босиб олиш бўйича судгача текширув очилганинителефон сўзлашувларини тинглашга рухсат беришни сўраган», — деб билдирган Сооронкулова.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг бу ҳаракати жамоатчиликда резонанс яратди. Кейинчалик суд терговчи Чингиз Бердимуратовнинг телефон сўзлашувларни тинглаш қарори қонуний деб жавоб берган.

«Мазкур илтимосни кўриб чиқиш вақтида муассасалараро тергов гуруҳининг бошчиси ва бош прокуратуранинг прокурори ҳам бўлган. Тергов хизмати қонунга кўра ўзининг ваколатлари доирасида ишлаган […]», — деб ёзилган ИИВнинг билдирувида.

Кимлар тингланган?

«Тингланаётганлар» орасида: парламент депутатлари Дастан Бекешев ва Канибек Иманалиев, «Социал-Демократтар» партияси лидери Темирлан Султанбеков, мухолифатчи Равшан Жээнбеков, собиқ президентликка номзод бўлган Курсан Асанов билан Абдил Сегизбаев ва бошқалар бор.

Фаоллардан эса Тилекмат Курўнов, Улан Усойун, Урмат Жаңыбаев, Нурсултан Акилбеков ва бошқалар тингланган. Шунингдек ҳуқуқ ҳимоячиси Ўндуруш Токтонасиров билан Рита Карасартова шу рўйхатда.

Тингланган бир неча одам, уларнинг орасида Сооронкулова масъул ходимларни жавобгарликка тортиш талаби билан президент Садир Жапаровга мурожаат қилган.

ИИВ қандай реакция қилди?

Кейинчалик ички ишлар вазирлиги мухолифат сиёсатчилари билан фаолларни октябрдаги воқеалар бўйича қўзғалган иш асосида тинглаганини тан олган.

Шунингдек, ИИВдан фаоллар билан сиёсатчиларни 2021-йилнинг 6-январидан 10-февралигача тинглаганини билдиришган. Тинглаш 2020-йилнинг октябрида бўлган «оммавий тартибсизлик» моддаси бўйича судгача текширув иши асосида олиб борилган.

10-февралдан кейин «махсус тергов ҳаракатлари тергов ва суд томонидан узайтирилган эмас».

«Тергов хизмати қонунга кўра ўзининг ваколатлари доирасида иш олиб борган […]», — депб таъкидлашди ИИВдан.