Ўш мэрияси ва «Визион» компанияси Акжол Махмудовга икки хонали хонадон совға қилди

394
Махмудовга квартира совға қилиш жараёни. Сурат: Ўш мэрияси

Токио-2020 ўйинларининг кумуш медали соҳиби, курашчи Акжол Махмудов Мустақиллик байрамини Ўш шаҳрининг турғунлари билан марказий майдонда нишонлади.

Кечки гала концертда шаҳар раҳбари Алмаз Мамбетов, вилоят раҳбари Зиядин Жамалдинов унга шаҳардан икки хонали уй ва пул мукофотларини топширишди.

«Мэриянинг, вилояти маъмуриятининг ва шаҳар кенгашининг номидан икки хонали уй ва пул мукофотлари берилади», — деди мэр трибунада.

Шаҳар ҳукуматининг номидан полвонга юз минг сом ва фахрий ёрлиқ, унинг мураббийларига 200 минг сом топширилди. Вилоят раҳбари Зиядин Жамалдинов «ўзимизнинг ва шаҳар номидан» деб 10 минг АҚШ доллари берди.

«Бу пулни шу икки хонали уйига жиҳоз олсин деб беряпмиз», — деди у.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида Мамбетов совға қилган уйни аслида ким совға қилди деган савол туғилди — сабаби сертификатда «Визион» қурилиш компаниясининг символи кўринди.

Бунинг устига шаҳарда «мэрия раҳбарлари қурилиш компаниялар қураётган кўп қаватли уйлардан ҳақ олиб туришади» деган гаплар бор. Шу сабаб суриштирувчи журналист Идирис Исаков «собиқ мэр Таалайбек Сарибашов қурилиш компаниялардан олган уйларнинг бири берилдими» деб сўраган.

«Мэр қайси квартирани берди? [...]Сарибашов қурилиш компаниялардан қанча уй олган? Қанчасини кимларга берган? Яна қанчаси бор? Ҳисобини берсангизлар? Бу мэр ҳам Акжолга берилган уйни шаҳар ғазнасининг маблағига сотиб олгандай бердику. Бўлаверадими?» — деди у.

Ўш мэриясининг матбуот хизматидан «Азаттык»қа квартирани маҳаллий компанияларнинг бири берганини айтиб, бироқ номини айтишдан бош тортишган.

«Визион» қурилиш компанияси билан боғланганимизда уйни «мэрия билан бирга» совға қилишганини айтишган. Бироқ квартира суммасининг неча фоизини мэрия тўлаб, қанчаси компания номидан берилгани «махфий маълумот» дейишди.

«Визион групп» масъулияти чекланган жамиятини тадбиркор Замирбек Орозбаев бошқаради.

Очиқ манбалардан компания мэрияга қарашли «Алай» футбол клубига ҳомийлик қилишини кўриш мумкин. Етакчи Орозбаев бунгача «шаҳар инфраструктурасини ривожланишига қўшган ҳиссаси учун» мэриянинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.