Марказий сайлов комиссияси Ўшда аёл номзодларнинг оммавий турда рўйхатдан чиқарилганини текширади

400
Ўш шаҳар кенгашининг депутатлари. Сурат: Ўш шаҳар кенгаши

Марказий сайлов комиссияси Ўш шаҳар кенгашига ўтган «Ата-Журт Кыргызстан» ва «Биздин Кыргызстан» партияларининг рўйхатидан аёл номзодларни оммавий чиқариб кетилганини текширади. Бу ҳақда МСКнинг матбуот хизмати 25-августда маълум қилди.

Маълумотга кўра, Ўш ҳудудий сайлов комиссияси 15-июлда «Биздин Кыргызстандан» 38, 12-августда «Ата-Журт Кыргызстан» 31 аёл номзодни рўйхатдан чиқариш қарорини қўллаб тегишли қарор чиқарган.

Ўш ҲСКнинг раиси Урмат Аттокуров «Клооп»га берган интервьюсида аёл номзодлар ўз истаги билан ариза бериб, рўйхатдан чиқарилганини билдирди. Айримлари эса «нотариал тасдиқланган аризаларини юборишган» дейди Аттокуров.

Мандатдан «бош тортган» аёл депутатлар

Бундан ташқари, икки партиядан шаҳар кенгашига ўтган олти номзод мандатдан бош тортгани ҳам текширилади. Сабаби улардан беш нафари аёл бўлган. Ўш ҲСКнинг қарорларини бажарилиши МСК текширув олиб боргунча вақтинча тўхтатилди.

Ўш ҳудудий сайлов комиссияси «Биздин Кыргызстан» фракциясининг депутатлари Айпери Ашимжан қизи, Айжан Манап қизи ва Улан Каналиевни, «Ата-Журт Кыргызстан»дан Айгул Караева, Уларкан Акматова ва Бахтиярхан Турсунбаевани мандатдан маҳрум қилиш қарори қабул қилган. Қизиғи, мандатлардан «бош тортган» депутатларнинг ўрнига рўйхатда кейинги бўлган эркак номзодлар келган.

11-июлда Ўш шаҳар кенгашига сайлов бўлиб, натижада тўрт партия сайлов бўсағасидан ўтган. Сайлов натижасига кўра, Ўш шаҳар кенгашидаги 45 мандат қуйидагича бўлиштирилган: «Ата-Жур-Кыргызстан» — 19, «Биздин Кыргызстан» — 15, «Улуттар Биримдиги» етти ва «Бир Бол» тўрт мандат.